Женевада Ўзбекистон ва ХМТ ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди

Июнь 11, 2026. 11:30 • 2 дақ

62
Женевада Ўзбекистон ва ХМТ ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди

ЖЕНЕВА, 11 июня. /«Дунё» АА/. Женева шаҳрида Халқаро меҳнат ташкилотининг 114-сессияси доирасида Олий Мажлис Сенати раиси, Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия раиси Танзила Нарбаева Халқаро меҳнат ташкилоти бош директори Жильбер Унгбо билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Парламент юқори палатаси маълумотига кўра, учрашувда Ўзбекистон ва ХМТ ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, шунингдек, муносиб меҳнат, ижтимоий адолат тамойилларини янада илгари суриш ва аҳолининг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Жильбер Унгбо Ўзбекистон делегациясининг Халқаро меҳнат конференциясининг 114-сессиясидаги фаол иштирокини юксак баҳолади ҳамда мамлакатимизда меҳнат, бандлик ва ижтимоий ҳимоя соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини қайд этди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистонда “Better Work” дастурини амалга ошириш натижалари эътироф этилди ҳамда етакчи халқаро брендлар ва инвесторлар учун мамлакатнинг жозибадорлигини оширишга қаратилган мазкур ташаббус доирасида ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Шунингдек ўқинг

2026-2030 йилларга мўлжалланган муносиб меҳнат бўйича янги мамлакат дастурини тезроқ келишиб олишдан ўзаро манфаатдорлик билдирилди. Институционал ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш борасидаги навбатдаги қадам сифатида Тошкентда ХМТ мамлакат офисининг очилиши муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон томонидан ХМТнинг ратификация қилинган конвенциялари тўлиқ бажарилишини таъминлаш ва меҳнат соҳасидаги халқаро мажбуриятларга риоя қилиш бўйича тизимли ишларни давом эттириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, ХМТ ташаббусларини минтақа даражасида илгари суришда Ўзбекистоннинг роли ортиб бораётгани қайд этилди. Мамлакатимизнинг Бандлик ва ижтимоий ҳимоя бўйича глобал акселератор, Ижтимоий адолат учун глобал коалиция каби халқаро ташаббусларни амалга оширишга қўшган ҳиссаси эътироф этилди.

Учрашув якунида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш халқаро меҳнат стандартларини илгари суриш ва Ўзбекистоннинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишига хизмат қилишига ишонч билдирилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш