Logo

Ислом цивилизацияси маркази Гиннеснинг рекордлар китоби унвонига лойиқ кўрилди

Апрель 13, 2026. 20:28 • 4 дақ

139
Ислом цивилизацияси маркази Гиннеснинг рекордлар китоби унвонига лойиқ кўрилди
Ислом цивилизацияси маркази Гиннеснинг рекордлар китоби унвонига лойиқ кўрилди
Ислом цивилизацияси маркази Гиннеснинг рекордлар китоби унвонига лойиқ кўрилди

ТОШКЕНТ, 13 апрель. /“Дунё” АА/. Бугун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази “Дунёдаги энг йирик Ислом цивилизацияси музейи” сифатида расман эътироф этилиб, Guinness World Records (Гиннеснинг рекордлар китоби)нинг нуфузли унвонига лойиқ кўрилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Тантанали тақдирлаш маросимида Guinness World Records расмий вакили ва ҳаками – Шейда Субаши иштирок этиб, Ислом цивилизацияси маркази барча халқаро стандартларга тўлиқ жавоб беришини таъкидлади.

Тадбирда, шунингдек, лойиҳани амалга оширишга салмоқли ҳисса қўшган меъморлар, олимлар, дизайнерлар ва қурувчилар иштирок этди. Мукофот Марказ Илмий кенгаши аъзоларига топширилди.

Тантанали маросимда Guinness World Records расмий вакили Шейда Субаши фикр билдирди:

“Guinness World Records расмий вакили сифатида шуни айтишим мумкинки, музейнинг ҳар бир бурчаги ва тақдим этилган ҳар бир экспонат ўзига хос ноёблик ҳамда маданий қийматга эга. Ушбу мажмуани барпо этиш ортида йиллар давомида олиб борилган кенг кўламли ва машаққатли меҳнат ётгани яққол кўриниб турибди.

Музейга ташриф буюриш мени жуда ҳайратда қолдирди. Бу ҳақиқатан ҳам чуқур ва мазмунли тажриба бўлди. Ташриф доирасида барча нарсани тўлиқ қамраб олишнинг имкони бўлмаса-да, баҳолаш жараёни белгиланган тартиб-қоидаларга қатъий мувофиқ равишда амалга оширилди. Мен расмий логбук (қайдлар дафтари)дан фойдаланиб, ҳар бир экспонатни қайд этдим. Ушбу қайдлар ислом археологияси, санъати ва фани соҳасидаги мутахассислар томонидан тасдиқланди.

Бу ерда амалга оширилган ишлардан жуда ҳайратландим. Ушбу лойиҳани ҳаётга тадбиқ этишда иштирок этган барчага ўз миннатдорлигимни билдирмоқчиман. Бу улкан саъй-ҳаракатлар ва юксак профессионаллик натижаси бўлган улкан ютуқдир. Ҳар бир иштирокчининг ҳиссаси алоҳида ҳурматга лойиқ. Guinness World Records тили билан айтганда, бу – ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли!”

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг муаллифлик мега-лойиҳаси сифатида ҳаётга тадбиқ этилган улкан илмий-маърифий ва музей мажмуасидир. Лойиҳа 2017 йилда бошланган бўлиб, 2026 йил 17 мартда якунига етди. У илмий салоҳият, маданий мерос ва замонавий технологияларни ягона маконда бирлаштирган “Янги Ўзбекистон”нинг ноёб маданий-маърифий платформаси сифатида қад ростлади.

Мазкур мега-лойиҳа давлат раҳбарининг миллий ўзликни англашни мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистонни жаҳон майдонида Ислом цивилизациясининг асосий марказларидан бири сифатида тарғиб қилиш борасидаги стратегик қарашларини акс эттиради.

Шунингдек ўқинг

Лойиҳанинг бош меъмори Абдуқаҳҳор Турдиев шундай деди:

“Марказнинг ўзига хослиги шундаки, унинг меъморчилиги Ўзбекистоннинг бой маданияти ва меросини акс эттиради. Амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли мамлакатимиз ўзини нафақат фан ва маданият маркази, балки цивилизациялараро глобал мулоқотда фаол иштирок этаётган давлат сифатида намоён этиб, дунёга ишонч билан очилмоқда”.

Бугунги кунда Марказ минтақанинг энг кўп ташриф буюриладиган маданий-илмий масканларидан бирига айланди: ҳар куни унга 5 000 нафаргача киши ташриф буюрмоқда. Бу эса ҳам Ўзбекистон фуқаролари, ҳам хорижий меҳмонлар томонидан қизиқиш юқори эканидан далолат беради.

Guinness World Records унвонининг берилиши нафақат лойиҳа кўламининг эътирофи, балки уни амалга оширишда иштирок этган юзлаб мутахассислар, олимлар ва экспертлар меҳнатига берилган юксак баҳодир.

Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов ўз нутқида шундай таъкидлади:

“Шубҳасиз, ушбу мукофот муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёевнинг муаллифлик лойиҳасига берилган муносиб эътироф ва мукофотдир. Давлатимиз раҳбари томонидан фаолиятимиз учун барча зарур шароитлар яратиб берилди ва бугунги кунда бизнинг асосий мақсадимиз – Ўзбекистоннинг бой маданий меросини сақлаш ва оммалаштириш, шунингдек, муқаддас Ислом динимизнинг эзгулик, тинчлик, маърифат ва бағрикенглик дини сифатидаги инсонпарвар ғояларини тарғиб қилишга қаратилган кенг кўламли илмий-маърифий лойиҳаларни амалга оширишда ушбу салоҳиятдан самарали фойдаланишдир”.

Guinness World Records мақомининг олиниши Ўзбекистоннинг ислом фани, маданияти ва маърифатининг муҳим туристик ва тарихий марказларидан бири сифатидаги ролини мустаҳкамлайди. Бу, шунингдек, Марказнинг ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ва маданий хилма-хиллик тамойилларига асосланган цивилизациялараро мулоқотнинг замонавий платформаси сифатидаги аҳамиятини янада оширади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш