Logo

“Reiseblick”: Тошкентдаги тарих ва замонавийлик уйғунлашган мега-лойиҳа дунёни ҳайратга солмоқда

Апрель 13, 2026. 16:55 • 2 дақ

131
“Reiseblick”: Тошкентдаги тарих ва замонавийлик уйғунлашган мега-лойиҳа дунёни ҳайратга солмоқда

БЕРЛИН, 13 апрель. /“Дунё” АА/. Германиянинг етакчи “Reiseblick” онлайн нашрида Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятига бағишланган таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашрда қайд этилишича, Ислом цивилизацияси маркази нафақат қадимий билимлар хазинаси, балки таълимни ривожлантириш, динлараро мулоқот ва маърифат орқали экстремизмга қарши курашиш йўлидаги халқаро майдон бўлишга хизмат қилади.

Мақола муаллифи, журналист Фред Хафнер Ислом цивилизацияси маркази меъморчилигини миллий анъаналар ва замонавий муҳандислик ечимларининг уйғунлашган намунаси сифатида таърифлайди. 10 гектар майдонда жойлашган, майдони 50 минг квадрат метрни ташкил этувчи ушбу маҳобатли мажмуа шарқона меъморчилик муҳитини қайта жонлантирган. Охирги бир йил давомида музей фонди фаол бойитилиб, 1,5 мингдан ортиқ янги экспонатлар, жумладан, нодир қўлёзмалар ва археологик топилмалар билан тўлдирилди. Хорижий коллекционерлар билан ҳамкорлик натижасида 743 та асл артефакт Ўзбекистонга қайтарилди.

Мажмуанинг юраги ҳисобланган Қуръони Карим зали муаллифда алоҳида ҳайрат уйғотган. Бу ерда дунёдаги энг қадимий олтита қўлёзмадан бири ­– Ҳазрати Усмон Қуръони сақланмоқда. Залнинг улуғворлигини 50 тонналик “Swarovski” қандили ва табиий мармардан ишланган мозаикалар янада бўрттириб кўрсатади. Журналист меъморий деталлардаги рамзий маъноларга тўхталар экан, бинонинг 34 метр баландликдаги порталларидан бири Самарқанддаги Регистон майдонида жойлашган Мирзо Улуғбек мадрасаси порталининг аниқ нусхаси эканини қайд этади.

Шунингдек ўқинг

Нашрнинг эслатишича, ушбу марказни ташкил этиш ташаббуси илк бор Ўзбекистон Президенти томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган ва бутун ислом оламида кенг эътироф этилган.

Мақола якунида Фред Хафнер республиканинг туристик жозибадорлиги ортиб бораётганига доир рақамларни келтиради. Қайд этилишича, 2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистон 12 миллионга яқин хорижий сайёҳни қабул қилган бўлиб, бу аввалги йилга нисбатан 16 фоизга кўпдир. Туризм хизматлари экспорти эса 4,8 миллиард долларни ташкил этган.

Немис журналистининг фикрича, Ислом цивилизацияси маркази каби объектларнинг барпо этилиши Ўзбекистонни жаҳон сайёҳлик харитасидаги энг истиқболли ва талаб юқори бўлган йўналишлардан бирига айлантиради.

Default Avatar

Материал муаллифи

Dunyo1

dunyo1@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш