БААнинг етакчи банки Ўзбекистоннинг “яшил иқтисодиёт” лойиҳаларида иштирок этишга тайёрлигини билдирди
Май 22, 2026. 14:55 • 2 дақ
• 91
АБУ-ДАБИ, 22 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари БААнинг энг йирик тижорат банки – “First Abu Dhabi Bank” раҳбарияти билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Унда банк-молия соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар давомида Ўзбекистон томони мамлакатда банк-молия соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, банкларни хусусийлаштириш жараёнлари, хорижий инвестицияларни жалб этиш, замонавий рақамли технологияларни жорий қилиш, банк хизматлари сифатини ошириш ҳамда ички бозорда молиявий воситалар доирасини кенгайтириш юзасидан батафсил маълумот берди.
Мулоқот чоғида “First Abu Dhabi Bank” иштирокида Ўзбекистондаги “яшил иқтисодиёт” лойиҳаларини имтиёзли молиялаштириш механизмларини ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Бундан ташқари, томонлар мамлакат тижорат банкларида исломий молиялаштириш воситаларини жорий этишга кўмаклашиш учун банк экспертларини жалб қилиш масаласини муҳокама қилдилар.
Учрашув якунида “First Abu Dhabi Bank” вакиллари V Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этишга тайёр эканлигини билдирди.
Бош қароргоҳи Абу-Дабида жойлашган “First Abu Dhabi Bank” Яқин Шарқдаги энг йирик тижорат банки ҳисобланади. Ушбу молия институти 2017 йилда “National Bank of Abu Dhabi” ва “First Gulf Bank”нинг қўшилиши натижасида ташкил этилган. 2025 йил якунларига кўра, банкнинг соф фойдаси 4,4 миллиард долларга, активлари ҳажми эса 330 миллиард долларга етган. Банк Америка, Европа, Яқин Шарқ ва Африка мамлакатларида ўз ваколатхоналарига эга.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

Ўзбекистон, Германия ва Туркия ишбилармонлари ўртасида бизнес-форум ташкил этилади



