Logo

Термиздаги Ўзбекистон–Россия экспертлар учрашуви натижалари Евроосиёнинг янада кенгроқ, ўзаро боғланган ва барқарор архитектурасини шакллантиришга ҳисса қўшади

Март 30, 2026. 19:27 • 5 дақ

64
Термиздаги Ўзбекистон–Россия экспертлар учрашуви натижалари Евроосиёнинг янада кенгроқ, ўзаро боғланган ва барқарор архитектурасини шакллантиришга ҳисса қўшади

ТЕРМИЗ, 30 март. /“Дунё” АА/. Бугун Термиз шаҳрида Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) ҳамда “Валдай” халқаро мунозара клубининг экспертлар учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Сўнгги йилларда ушбу формат экспертлар ҳамкорлигининг барқарор платформасига айланиб, Ўзбекистон ва Россия учрашувлар алмашинуви билан яхши анъанага айланди.

Тадбирда Россия ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Михаил Галузин, “Валдай” мунозара клуби жамғармаси бошқаруви раиси Андрей Бйстрицкий, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов, Россия ва Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари – Алексей Ерхов ва Ботиржон Асадов, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, шунингдек, икки мамлакат эксперт ва таҳлилий доиралари вакиллари иштирок этди.

 

Термиз: цивилизацияларнинг тарихий чорраҳасидан замонавий логистика хабигача

Мулоқот майдони сифатида Термиз шаҳри танлангани чуқур рамзий маънога эга. Икки минг йилдан зиёд тарихга эга шаҳар асрлар давомида Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида табиий кўприк вазифасини ўтаган. Айнан у орқали Евроосиё минтақаларини боғлайдиган энг муҳим савдо ва маданий йўллар ўтган.

Бугунги кунда бу тарихий роль янги мазмун билан тўлдирилмоқда. Бу ерда гап нафақат географик жойлашув, балки транспорт йўлаклари, логистика занжирлари, энергетика ва савдо йўналишларини ўз ичига олган янги ўзаро боғлиқлик архитектурасини шакллантириш ҳақида бормоқда. Улар биргаликда Россия, МДҲ ва Марказий Осиё бозорларини жадал ривожланаётган Жанубий Осиё макони билан боғлашга мўлжалланган.

Замонавий Термиз бу ўзгаришларнинг асосий элементига айланмоқда. Шаҳарда янги турдаги инфратузилма шаклланмоқда: визасиз режимга эга Халқаро савдо маркази, ривожланган хизмат кўрсатиш ва таълим экотизими, транспорт-логистика хаби. “Термиз Карго маркази” алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури томонидан Афғонистонга 150 минг тоннага яқин инсонпарварлик ёрдами етказиб берилди.

Россия ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Михаил Галузин минтақавий ҳамкорликнинг янги шаклларини ривожлантириш учун Термизнинг стратегик аҳамиятини алоҳида таъкидлади. У Сурхондарё вилоятини “Ўзбек ерининг бой қадимий тарихи, унинг динамик ривожланиши ва ёрқин истиқболларини ўзида мужассам этган воҳа” деб атади. Унинг фикрича, Ўзбекистоннинг Термизда Халқаро савдо марказини – “ноёб инвестиция лойиҳаси”ни яратишдаги тажрибаси Ўзбекистон ва Россия тадбиркорлари ўртасидаги ўзаро манфаатли шериклик учун катта амалий аҳамиятга эга.

 

Ўзбекистон–Россия ҳамкорлиги янги Евроосиё архитектурасининг муҳим омили

Учрашувда жорий йилда дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 34 йиллиги нишонланган Ўзбекистон-Россия муносабатларининг ҳолати ва истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.

СМТИ директори Элдор Арипов бугунги кунда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик изчил мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади.

Бу аниқ кўрсаткичлар билан тасдиқланади:

·товар айирбошлаш 3 баробардан зиёд – 4,2 млрд доллардан қарийб     13 млрд долларгача ошди;

·ўзлаштирилган Россия инвестициялари ҳажми 5 млрд долларга     яқинлашди;

·умумий қиймати 4 миллиард доллардан ортиқ бўлган юзлаб қўшма     лойиҳалар, жумладан, минтақавий даражада 200 дан ортиқ ташаббуслар амалга     оширилмоқда.

Бундан ташқари, Э.Ариповнинг сўзларига кўра, асосан савдо моделидан комплекс саноат кооперациясига, қўшма қиймат занжирлари ва технологик альянсларни шакллантиришга ўтилаётгани кузатилмоқда.

Шу нуқтайи назардан, СМТИ директори замонавий Ўзбекистон–Россия муносабатларининг учта таянчини санаб ўтди:

·барқарорлик – глобал турбулентлик шароитида ҳам икки томонлама алоқалар барқарор ўсиш ва     мослашувчанликни намойиш этмоқда;

·тузилмавий етуклик – ҳамкорликнинг мураккаб шаклларига, жумладан, қўшма инвестиция платформалари ва технологик занжирларга ўтиш;

Шунингдек ўқинг

·башорат қила олиш – юқори даражадаги ишончли сиёсий мулоқот билан таъминланган. Хусусан, ўтган йилнинг ўзида 5 та олий даражадаги учрашув ва 12 та телефон мулоқоти, 2017 йилдан буён эса турли даражаларда 1000 дан ортиқ ўзаро     ташрифлар амалга оширилгани ишонч ва узоқ муддатли режалаштириш     учун мустаҳкам асос бўлмоқда.

 

Ҳудудларнинг кооперация драйверлари сифатидаги роли: Татаристон тажрибаси

Экспертлар учрашуви доирасида ҳамкорликнинг минтақавий йўналишига алоҳида урғу берилди. Саноат, қишлоқ хўжалиги ва инновация соҳаларида амалий лойиҳалар шаклланаётган ҳудудлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқалар тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шу нуқтайи назардан, Россиянинг етакчи саноат ва инновация марказларидан бири бўлган Татаристон Республикаси делегациясининг иштирокига эътибор қаратилди. Татаристоннинг нефт-кимё, машинасозлик, АКТ ва таълим соҳаларидаги тажрибаси минтақалараро ҳамкорликни чуқурлаштириш учун қўшимча имкониятлар очади.

Чирчиқ ва Жиззахда “Ximgrad” иштирокида технологик паркларни яратиш, шунингдек, Қозон федерал университети филиали фаолияти каби амалга оширилаётган ташаббуслар ҳамкорлик учун барқарор саноат, технологик ва таълим пойдеворини шакллантирмоқда.

 

Жанубий йўналиш: иқтисодий интеграциянинг янги уфқи

Транспорт ва логистика йўналишларини ривожлантириш келгусидаги ҳамкорликнинг асосий йўналиши сифатида белгиланди. Анъанавий шимолий йўналишларни модернизация қилиш билан бир қаторда, Афғонистон орқали Ҳинд океани портларига олиб борадиган жанубий йўналиш ҳам ишлаб чиқилмоқда.

Ушбу йўналишга логистикани диверсификация қилиш, транспорт харажатларини камайтириш ва Жанубий Осиёнинг кўп миллиард долларлик бозорларига чиқиш учун стратегик имконият сифатида қаралмоқда.

Эксперт дипломатияси кун тартибини белгилаш воситаси сифатида

Икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришда экспертлар мулоқоти алоҳида ўрин тутиши таъкидланди.

“Валдай” халқаро мунозара клубини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси кенгаши раиси Андрей Бистрицкий икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар бир-бири билан чамбарчас боғлиқлиги, тарихан шакллангани ва бугунги тез ўзгарувчан дунёда алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, уларни сақлаб қолиш ва мустаҳкамлаш учун глобал ва минтақавий жараёнларни биргаликда таҳлил қилиш, келишилган ёндашувларни ишлаб чиқиш, интеллектуал мулоқотни кучайтириш зарур.

Шу нуқтайи назардан, СМТИ ва “Валдай” клуби ўртасидаги ҳамкорлик янги ғояларни ишлаб чиқиш, фикр алмашиш ва талаб юқори бўлган амалий йўналтирилган ечимларни ишлаб чиқиш учун самарали майдонга айланди.


Хулоса: Термиз янги Евроосиёнинг ўсиш нуқтаси сифатида

Иштирокчилар йиғилиш якунлари нафақат Ўзбекистон–Россия шериклигини янада мустаҳкамлашга, балки Евроосиёнинг янада кенг, ўзаро боғланган ва барқарор архитектурасини шакллантиришга ҳисса қўшишига ишонч билдирди.

Шу нуқтаи назардан, Термиз ўзининг ноёб тарихий мероси ва замонавий инфратузилма салоҳиятидан фойдаланиб, Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи янги минтақавий алоқаларнинг асосий марказларидан бири сифатида ўзини намоён қилмоқда.


 

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш