Logo

Ўзбекистон Президенти раислигида бўлиб ўтган йиғилишда иқтисодиётда ўсиш суръатларини сақлаш ва давом эттириш чоралари кўриб чиқилди

Март 30, 2026. 18:03 • 3 дақ

69
Ўзбекистон Президенти раислигида бўлиб ўтган йиғилишда иқтисодиётда ўсиш суръатларини сақлаш ва давом эттириш чоралари кўриб чиқилди

ТОШКЕНТ, 30 март. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёевга бугун 2026-йилнинг биринчи чорагида иқтисодий кўрсаткичлар прогнозини таъминлаш ҳамда жаҳон бозоридаги беқарор вазиятнинг миллий иқтисодиётга салбий таъсирини камайтириш юзасидан ахборот берилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, жорий йилнинг биринчи икки ойида саноат 7,7 фоизга, хизматлар 15,4 фоизга ўсди, 3,5 миллиард долларлик экспорт амалга оширилди ва 8,3 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилинди.

Йил бошидан 9 та вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга республика бюджетидан қўшимча 2,3 триллион сўм ва 500 миллион доллар маблағ йўналтирилди. “Янги Ўзбекистон қиёфаси” мақоми берилган 33 та туман ва 330 та маҳалла учун маҳаллий бюджетларга 3,9 триллион сўм ажратилди. Оғир тоифадаги 37 та туман ва 903 та маҳаллага жами 3,9 триллион сўм ҳамда маҳаллий бюджетлардан 1,3 триллион сўм, 283 та “драйвер” лойиҳаларга биринчи босқичда 1 триллион сўм ажратилди.

Йил якунига қадар гавжум кўчалар, соҳилбўйи ва йўлбўйи инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш учун жами 1,2 триллион сўм, туризм салоҳияти юқори бўлган 150 та маҳалла инфратузилмасини яхшилаш учун 450 миллиард сўм, 400 та маҳаллада 50 та микросаноат марказларини ташкил қилиш учун 150 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.

Шу билан бирга, қисқа вақт ичида дунёдаги вазият кескин ўзгариб, иқтисодиёт тармоқлари барқарорлиги, ташқи савдо йўлаклари ва импорт нархларига қўшимча босим юзага келтираётгани таъкидланди. Бундай шароитда ҳар бир тармоқ ва ҳудуд раҳбари вазиятни олдиндан баҳолаб, турли сценарийлар асосида проактив ишлаши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Инфляцияни жорий йилда 6-6,5 фоиз доирасида сақлаб қолиш энг муҳим вазифалардан бири эканига алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, жаҳон бозорида нефть нархининг кескин қимматлаши транспорт ва нефть-кимё маҳсулотлари таннархига таъсир кўрсатаётгани, полиэтилен ва полипропилен нархларида ҳам ўсиш кузатилаётгани айтилди. Шу боис, асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг импорти, транспорт-логистика масалалари ва муқобил йўлаклардан фойдаланиш бўйича тезкор чоралар кўриш вазифаси қўйилди.

Бундан ташқари, тадбиркорларнинг хомашё, бозор ва кредит билан боғлиқ муаммоларини ҳозирдан ҳал этиш муҳимлиги таъкидланди.

Экспортчилар томонидан кўтарилаётган асосий масалалардан бири транспорт-логистика экани, жаҳонда рўй бераётган воқеалар таъсирида экспорт юк ташишларида узилишлар ва қимматлашув жиддий хавотир уйғотаётгани таъкидланди.

Шунингдек ўқинг

Шу муносабат билан қўшни давлатлар билан транспорт ва савдо масалалари бўйича яқин ҳамкорликни кучайтириш, озиқ-овқат маҳсулотларини авиаташув орқали экспорт қилиш ва тадбиркорлар учун арзонлаштирилган тарифларни жорий этиш чораларини кўриш топширилди.

Хорижий инвестициялар масаласи ҳам атрофлича кўриб чиқилди. Таҳликали халқаро вазият айрим лойиҳалар ижросига таъсир кўрсатиши мумкинлиги билдирилди. Шу муносабат билан амалга оширилаётган ҳар бир лойиҳани мунтазам таҳлил қилиб бориш ва инвесторлар билан кунлик мулоқот ўрнатиш вазифаси белгиланди.

Банк-молия соҳасида бизнесни қўллаб-қувватлаш учун ажратилаётган кредитлар динамикаси ҳам кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбари жорий рақамлар ижобий бўлишига қарамасдан, ҳеч бир раҳбар хотиржамликка берилиши мумкин эмаслигини таъкидлади. Ҳозирги мураккаб вазиятда хавф-хатарларни олдиндан кўра билиш, уларни юмшатиш бўйича аниқ режалар билан ишлаш, тармоқлар ва ҳудудларда муаммоларни кутиб ўтирмасдан, уларга тезкор ечим топиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Масъулларга инфляцияни жиловлаш, саноат ва экспорт кўрсаткичларини таъминлаш, инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш, банк тизими ва қурилиш дастурларидаги муаммоларни бартараф этиш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.

 

 

 

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш