Оғир жиноятлар содир этгани учун қидирувда бўлган фуқаро Мисрдан Ўзбекистонга экстрадиция қилинди

Июль 24, 2026. 15:00 • 2 дақ

86
Оғир жиноятлар содир этгани учун қидирувда бўлган фуқаро Мисрдан Ўзбекистонга экстрадиция қилинди

ҚОҲИРА, 24 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатлари ва Интерпол каналлари орқали йўлга қўйилган самарали халқаро ҳамкорлик натижасида узоқ вақт суд органларидан яшириниб юрган фуқаро С.Г. Мисрдан Ўзбекистонга экстрадиция қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Экстрадиция жараёнининг барча босқичларида хорижий шериклар билан ҳамкорликни мувофиқлаштириш Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси томонидан амалга оширилди. Бюро ходимларининг изчил саъй-ҳаракатлари туфайли Интерполнинг Қоҳирадаги Миллий марказий бюроси билан тезкор ахборот алмашинуви таъминланди. Халқаро қидирув доимий назорат қилиб борилиб, Ўзбекистон ва Миср ваколатли идораларининг ўзаро ҳамкорлиги мувофиқлаштирилди.

Қидирувдаги шахс товламачилик ва бир қатор бошқа оғир жиноятларни содир этгани учун Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ташаббуси билан халқаро қидирувга эълон қилинган эди. Уни қўлга олиш ва сўнгра экстрадиция қилиш мақсадида халқаро ҳуқуқий тартиб-таомилларга мувофиқ зарур материаллар белгиланган муддатларда Мисрнинг ваколатли идораларига юборилган.

Шунингдек ўқинг

Интерпол йўналиши бўйича ўтказилган тадбирлар давомида қидирувдаги шахснинг трансчегаравий ҳаракатланиш йўналишлари аниқланиб, унинг Миср ҳудудида экани тасдиқланди. Интерпол каналлари орқали олинган маълумотлар Миср ваколатли идораларига уни қўлга олиш имконини берди. Экстрадиция тўғрисидаги сўров Миср ваколатли идоралари томонидан кўриб чиқилгач, қидирувдаги шахсни Ўзбекистонга топшириш ҳақида қарор қабул қилинди.

Халқаро ҳуқуқда назарда тутилган барча тартиб-таомиллар якунлангач, қидирувдаги шахс Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси ходимларига топширилди ва мамлакатимиз қонунчилигига мувофиқ жиноий жавобгарликка тортиш учун юртимизга олиб келинди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш