Ҳиндистон, Покистон ва Афғонистондаги сув тошқинлари 82 кишининг ҳаётига зомин бўлди

Июль 23, 2026. 19:00 • 2 дақ

111
Ҳиндистон, Покистон ва Афғонистондаги сув тошқинлари 82 кишининг ҳаётига зомин бўлди
“AP” агентлиги сурати

ДЕҲЛИ-ИСЛОМОБОД-ҚОБУЛ, 23 июль. /“Дунё” АА/. Ҳиндистоннинг шимоли-шарқи, Покистон ва Афғонистонда кузатилган кучли ёмғир ва сув тошқинлари оқибатида камида 82 киши ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

“Reuters” агентлигининг ёзишича, табиий офат қишлоқ хўжалиги ерлари, инфратузилма ва ижтимоий соҳа объектларига катта зарар етказган.

Сўнгги бир сутка ичида Ҳиндистоннинг Ассам штатида сув тошқинлари қурбонлари сони камида 10 кишини ташкил этди. Расмийларга кўра, бир ҳафта ичида ҳалок бўлганларнинг умумий сони 36 нафарга етган. Штат маъмурияти содир бўлган воқеани мисли кўрилмаган вайронагарчилик деб атади.

Ассам табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш бошқармасининг чоршанба куни эълон қилган маълумотига кўра, кучли ёғингарчилик штатнинг 11 округида 650 мингдан ортиқ аҳолига зиён етказган.

Шунингдек ўқинг

Ассам ҳукумати ҳисоботида қайд этилишича, сув тошқинларига 18–20 июль кунлари қўшни Нагаленд штатида ёққан ўта кучли ёғингарчилик асосий сабаб бўлган ва бу дарёларда сув сатҳининг кескин кўтарилишига олиб келган.

Ҳудудидан дунёнинг энг йирик дарёларидан бири – Браҳмапутра оқиб ўтадиган Ассам деярли ҳар йили муссонлар даврида сув тошқинларидан азият чекади.

Сўнгги 72 соат ичида Афғонистоннинг шимоли-шарқидаги Нуристон ва Покистоннинг Хайбер-Пахтунхва вилоятларида юз берган сув тошқинлари оқибатида камида 46 киши ҳалок бўлди, яна 100 нафардан ортиқ одам жароҳатланди. Бу ҳақда ҳар икки мамлакатнинг табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш хизматлари маълум қилди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Афғонистон ва Покистон иссиқхона газларининг глобал миқёсдаги чиқиндиларига кам ҳисса қўшса-да, иқлим ўзгариши оқибатларига энг заиф мамлакатлар қаторига киради. Кучайиб бораётган сув тошқинлари, қурғоқчилик, музликларнинг эриши ва сув танқислиги миллионлаб аҳоли ҳаёти учун хавф туғдирмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш