Ўзбекистон олий ўқув юртлари талабалари юртимизнинг Россиядаги элчихонасида амалиёт ўтамоқда

Август 21, 2026. 15:00 • 2 дақ

71
Ўзбекистон олий ўқув юртлари талабалари юртимизнинг Россиядаги элчихонасида амалиёт ўтамоқда

МОСКВА, 21 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон олий таълим муассасаларида халқаро муносабатлар, ҳуқуқ, иқтисодиёт ва менежмент йўналишларида таҳсил олаётган бир гуруҳ талабалар мамлакатимизнинг Россиядаги элчихонасида малака оширмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги кўмагида амалга оширилаётган ушбу лойиҳа 10 августдан 6 сентябрга қадар давом этади. Унда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг 10 нафар иқтидорли талабаси иштирок этмоқда.

Амалиётчилар дипломатик ваколатхонанинг сиёсий, савдо-иқтисодий, протокол, консуллик бўлимлари ҳамда матбуот хизматига бириктирилган.

Элчихона ходимлари раҳбарлигида талабалар дипломатик ва консуллик фаолиятининг асосий йўналишлари билан яқиндан танишиб, университетда олган назарий билимларини амалиётда қўллаш имкониятига эга бўлмоқда.

Шунингдек ўқинг

Хусусан, улар хорижий делегациялар билан учрашувларни ташкил этиш ва ўтказиш жараёнларида иштирок этиб, дипломатик ноталар ҳамда таҳлилий маълумотномалар лойиҳаларини тузишда кўмаклашмоқда. Шунингдек, ахборот майдонининг ҳафталик мониторинги ва таҳлилини олиб бориб, ҳужжатлар билан ишлаш жараёнларида фаол қатнашмоқда.

Консуллик бўлимида амалиётчилар фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш, уларга консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, паспорт, ватанга қайтиш гувоҳномаси ва бошқа ҳужжатларни расмийлаштириш ҳамда хориж фуқароларига виза бериш тартиб-қоидаларини ўрганмоқда.

Мазкур амалиёт талабаларнинг касбий билимини ошириш, таҳлилий ва ҳужжатлар билан ишлаш, протокол юритиш ҳамда Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари фаолияти ҳақида аниқ тасаввур шаклланишига хизмат қилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш