Англиянинг машҳур футбол клуби Янги Тошкентда академия очиши мумкин

Октябрь 24, 2026. 11:00 • 2 дақ

• 75
Англиянинг машҳур футбол клуби Янги Тошкентда академия очиши мумкин

ЛОНДОН, 22 октябрь. /“Дунё” АА/. Англиянинг “Фулхем” футбол жамоаси Буюк Британия тажрибаси ва стандартларидан фойдаланган ҳолда Янги Тошкентда замонавий футбол академиясини ташкил этиш имкониятини кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ушбу масала клуб вакилларининг Ўзбекистон Президентининг инвесторлар ва тадбиркорлар билан Янги Тошкент қурилишини жадаллаштириш бўйича очиқ мулоқотида берган топшириқларини амалга ошириш доирасида мамлакатимизнинг Буюк Британиядаги элчихонаси дипломатлари билан учрашувида муҳокама қилинди.

Учрашувда “Фулхем” жамоасидан футболни ривожлантириш йўналиши раҳбари Хью Женнингс ва тижорат менежери Бретт Макголдрик иштирок этди.

Дипломатларимиз жамоа маъмуриятига Ўзбекистонда футболни ривожлантириш, ёш истеъдодларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш, замонавий спорт инфратузилмасини яратиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.

Шунингдек ўқинг

Янги Тошкентни барпо этиш лойиҳаси ва унинг ҳудудида спорт иншоотларини ривожлантириш режаларига алоҳида эътибор қаратилди. Британия томони Ўзбекистонда футболни оммалаштириш ва ёш футболчилар учун янги имкониятлар яратишга қаратилаётган эътиборни эътироф этди.

“Фулхем” раҳбарияти Британия тажрибаси ва стандартлари асосида Янги Тошкентда академия ташкил этиш истиқболларини ўрганишга тайёрлигини маълум қилди.

Учрашув якунида томонлар ушбу ташаббусни амалга ошириш учун ҳамкорликнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқишга келишиб олди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш