Токиода Ўзбек тили байрамига бағишланган маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди

Октябрь 24, 2026. 09:10 • 3 дақ

• 109
Токиода Ўзбек тили байрамига бағишланган маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди
Токиода Ўзбек тили байрамига бағишланган маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди
Токиода Ўзбек тили байрамига бағишланган маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди

 ТОКИО, 24 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонасида ўзбек тилини ўрганаётган японлар иштирокида Ўзбек тили байрамига бағишланган маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбир “Япония–Ўзбекистон” ассоциацияси билан ҳамкорликда ташкил этилди. Мазкур ассоциация ҳузурида 2006 йилдан буён ўзбек тили курслари фаолият юритиб келмоқда. Ҳозирда 30–40 нафар тингловчи ўзбек тилини билиш даражасига қараб, гуруҳлар бўлинган ҳолда ўрганмоқда.

Ассоциация тингловчилари “Ўзбек тили байрами”, “Мустақиллик куни”, “Наврўз” каби миллий байрамларга бағишланган тадбирларда мунтазам иштирок этиб келмоқда.

Тадбир давомида иштирокчиларга Ўзбекистонда давлат тилининг мавқеини мустаҳкамлаш, унинг нуфузини ошириш ва жаҳонда кенг тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди.

Ҳозирда ўзбек тили жаҳоннинг турли мамлакатларида кенг қўлланилаётгани, унда сўзлашувчилар сони 50 миллионга яқинлашгани, Японияда ҳам ўзбек тили ва адабиётига бўлган қизиқиш ортиб бораётгани қайд этилди.

Мулоқот давомида иштирокчилар ўзбек ва япон тилларининг грамматик тузилишидаги айрим ўхшашликлар, баъзи сўзларнинг талаффузи ўртасидаги фонетик яқинликларга эътибор қаратди.

Жумладан, ўзбек тилидаги “ота” сўзи билан япон тилидаги “отōсан” (ота, дада) сўзи ўртасида товуш жиҳатидан ўхшашлик мавжудлиги таъкидланди. Шунингдек, ўзбек тилидаги “она” сўзи япон тилидаги “онна” (аёл) сўзига товуш жиҳатидан яқинлиги қайд этилди.

Бундай ўхшашликлар икки тилни ўрганиш жараёнида иштирокчиларда қизиқиш уйғотади. Учрашувда ўзбек тили ва маданиятини тарғиб қилиш, Ўзбекистоннинг тарихий-маданий мероси ва сайёҳлик салоҳияти ҳақида видеолавҳалар намойиш этилди.

Тақдимотларда Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий шаҳарларнинг меъморий обидалари, миллий урф-одатлар ва Янги Ўзбекистоннинг замонавий тараққиёти акс эттирилди.

Иштирокчилар Ўзбекистоннинг ўзига хос маданияти ва маънавий мероси билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди. Айрим тингловчилар ўзбек тилини ўрганишга шахсий қизиқиши ва Ўзбекистон билан боғлиқ таассуротлари сабаб бўлганини таъкидлади.

Жумладан, Миёки Энамото Ўзбекистонга бир неча бор ташриф буюргани, мамлакат ва унинг маданиятига бўлган қизиқиши сабаб ўзбек тилини ўрганишга киришганини маълум қилди. У келгусида ўзбек тилини пухта ўзлаштириб, Ўзбекистонга саёҳат қилишини билдирди.

Юко Акиба эса ўзбек йигити билан оила қургани ва фарзанд тарбиялаётганини айтиб, ўзбек маданиятига бўлган қизиқиши ҳақида сўз юритди. У ўзбек миллий санъати ва рақсларини катта қизиқиш билан ўрганаётганини таъкидлади.

Тадбир якунида иштирокчиларга Янги Ўзбекистоннинг тараққиёти, тарихи ва маданиятига бағишланган буклетлар, ўзбек маҳсулотлари ҳамда миллий рамзларни тарғиб қилувчи эсдалик совғалари тақдим этилди.

 

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш