Шаҳрисабзда “Ёшлар – келажак бунёдкорлари” V Халқаро экология қурултойи бошланди
Август 13, 2026. 19:00 • 2 дақ
• 89
ШАҲРИСАБЗ, 13 август. /“Дунё” АА/. Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишлаб ўтказилаётган “Ёшлар – келажак бунёдкорлари” V Халқаро экология қурултойининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси бошқарма бошлиғи Заррина Абдуллаева, Қашқадарё вилояти ҳокими ўринбосари Зиёда Аминова, мутасадди ташкилотлар вакиллари, маҳаллий ва хорижлик ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маълумотига кўра, тадбир давомида Заррина Абдуллаева қурултой қатнашчиларига Ўзбекистон Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси – Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимовнинг табригини ўқиб эшиттирди.
Табрикда бугунги кунда экологик масалалар тобора долзарб аҳамият касб этаётгани, ёшларнинг бу борадаги ташаббускорлиги ва фаоллиги хусусида алоҳида тўхталиб ўтилган.
Қурултой маҳаллий ва хорижий ёшларни атроф-муҳитни асрашдек эзгу мақсад йўлида бирлаштираётгани алоҳида таъкидланди. Зиёда Аминова ҳам экологик муаммоларга ечим топишда ёшларнинг ғоялари муҳим ўрин тутишини айтиб ўтди.
Очилиш маросими доирасида ҳар бир ҳудуддаги “Ёш экологлар” ҳаракати кенгашлари раисларига ишонч ёрлиқлари топширилди. Ўзбек эстрадаси юлдузлари ижросидаги куй-қўшиқлар тадбирга байрамона руҳ бағишлади.
Қурултой давомида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Озарбайжон, Туркия, Россия, Беларусь каби давлатлар ҳамда юртимизнинг барча ҳудудларидан мингга яқин ёш эко-фаоллар иштирок этмоқда.
Тадбир доирасида қатор танлов ва мусобақалар, тақдимот ва кўргазмалар, учрашув ва эко-акциялар ўтказилиши режалаштирилган. Қурултой дастуридан, “Энг яхши экологик лойиҳа”, “Ёш экологлар” ҳаракатининг энг яхши кенгаши”, “Эко-заковат” ва “Қувноқлар ва зукколар” каби халқаро танловлар ҳам ўрин олган.
Халқаро қурултой ёшларнинг экологик ва ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги фаоллигини ошириш, ёшларни атроф-муҳитни муҳофаза қилиш фаолиятига кенг жалб этиш, экология соҳасидаги истиқболли ғоя ва лойиҳаларни рўёбга чиқариш ҳамда экологик муаммоларни ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга қаратилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси