Қасим-Жомарт Тоқаев: Янги Ўзбекистон - Қозоғистоннинг абадий дўсти, иттифоқчиси ва стратегик шериги
Апрель 14, 2026. 17:12 • 2 дақ
• 199
ТОШКЕНТ, 14 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев номига Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевдан мактуб келди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири давлатимиз раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадовнинг telegram-каналига таяниб.
“Нафақат Марказий Осиё, балки бутун жаҳон цивилизацияси дурдонаси бўлган қадимий Бухоро шаҳрига амалий ташрифим чоғида кўрсатган алоҳида меҳмондўстлик ва самимият учун Сизга чин дилдан миннатдорлик билдираман.
Ўзбекистон бу бебаҳо бойликни асраб-авайлаб, бойитиб, буюк ўтмишни замонавий эҳтиёжлар билан уйғунлаштириб келаётгани мени ҳайратга солди. Бухоронинг бугунги гўзал қиёфаси Сизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган оқилона ва бунёдкорона сиёсатингиз юксак самарадорлигининг яққол ифодасидир.
Пухта ўйланган тадбирларга бой ташрифнинг ўзи, шубҳасиз, фойдали бўлди. Назаримда, Бухородаги бир кунлик музокаралар узоқ муддатли сиёсий самараси жиҳатидан расмий ташрифдан асло қолишмайди.
Учрашувимиз Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги кўп қиррали алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун янги уфқларни очди, давлатлараро стратегик ҳамкорликни янги мазмун билан бойитишга хизмат қилади.
Остонага қайтгач, эришилган ва тасдиқланган келишувларни амалга ошириш, шунингдек, мамлакатингизнинг турли соҳалардаги фойдали тажрибасини ҳисобга олиш бўйича аниқ топшириқлар бердим. “Тоза ҳаво” қўшма ташаббусига алоҳида аҳамият бераман.
Ишончим комилки, биз қўйган вазифаларнинг сифатли бажарилиши Қозоғистон – Ўзбекистон стратегик шериклиги ва иттифоқчилигини янги чўққиларга олиб чиқишга хизмат қилади.
Қозоғистон учун катта маданий ва тарихий аҳамиятга эга бўлган архив материалларини тақдим этганингиз учун алоҳида миннатдорчилик билдираман. Бу ҳаракат Сизнинг бағрикенглигингиз ва қозоқ халқига бўлган илиқ муносабатингиз, қардош мамлакатларимиз тарихини муносиб эътироф этишингиздан далолат беради.
Ҳурматли Шавкат Миромонович! Сизга ва оилангизга чин қалбимдан сиҳат-саломатлик ва бахт-саодат, Қозоғистоннинг абадий дўсти, иттифоқчиси ва стратегик шериги бўлган Янги Ўзбекистонни барпо этишда янги муваффақиятлар тилайман”.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси