Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон суғориш сувини етказиб бериш жадвалларини келишиб олди

Май 12, 2026. 14:25 • 2 дақ

180
Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон суғориш сувини етказиб бериш жадвалларини келишиб олди

ОСТОНА, 12 май. /“Дунё” АА/. Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ёзги мавсум бошида суғориш сувини етказиб бериш жадвалларини тасдиқлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Қозоғистоннинг “Zakon” порталига таяниб.

Тошкент шаҳрида уч давлат сув-энергетика идоралари раҳбарлари ўртасида бўлиб ўтган музокаралар якунида уч томонлама баённома имзоланди. Унда яқин икки ой учун Тўқтоғул сув омборидан сув чиқариш ҳажмлари ва режимлари бўйича келишилган тартиблар мустаҳкамлаб қўйилди. Тадбирда уч мамлакатнинг энергетика ва сув хўжалиги соҳаларига масъул вазирлик ва идоралари вакиллари иштирок этди.

Томонлар вегетация даврида жанубий ҳудудларни етарли ҳажмда сув билан таъминлаш асосий масала эканини таъкидлади. Уларнинг фикрича, мазкур баённоманинг имзоланиши суғориш мавсуми бошида барқарор сув таъминотини таъминлаш ҳамда Қозоғистон ва Ўзбекистон фермерлари учун хавф-хатарларни камайтириш имконини беради.

Шунингдек ўқинг

Шунингдек, идоралар раҳбарларининг навбатдаги учрашуви июнь ойи ўрталарида Бишкек шаҳрида бўлиб ўтиши маълум қилинди. Унда июль–сентябрь ойлари учун сув етказиб бериш жадваллари ва ҳажмларини келишиб олиш режалаштирилган.

Хабар қилинишича, мазкур келишувдан олдин мавсумлараро мувофиқлаштириш ишлари амалга оширилган. Унинг доирасида Қозоғистон Қирғизистонга электр энергияси етказиб берган бўлиб, бу Тўқтоғул сув омборидаги сув захираларини қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сақлаб қолиш имконини берган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш