Logo

Душанбеда Марказий Осиё атрофидаги можаролар оқибати муҳокама қилинди

Май 01, 2026. 19:41 • 4 дақ

453
Душанбеда Марказий Осиё атрофидаги можаролар оқибати муҳокама қилинди

ТОШКЕНТ, 1 май. /“Дунё” АА/. 30 апрель куни Душанбе шаҳрида “Марказий Осиё хавфсизлик архитектураси: замонавий таҳдидлар ва стратегик имкониятлар” мавзусида Марказий Осиё хавфсизлик форуми бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) делегацияси иштирок этди.

Форум Тожикистон Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази томонидан Конрад Аденауер номидаги жамғарма билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда минтақа давлатларининг эксперт-таҳлилий ва илмий доиралари, минтақавий хавфсизлик ва тинчлик ўрнатиш соҳасида фаолият юритувчи халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Мунозаралар давомида иштирокчилар Марказий Осиёда хавфсизликка оид замонавий таҳдид ва хатарларга, уларни прогноз қилиш ва ўзгартириш масалаларига, трансчегаравий жараёнлар, ижтимоий-иқтисодий омиллар ҳамда транспорт-логистика боғлиқлигининг минтақа барқарорлигига таъсирига асосий эътиборни қаратди.

Марказий Осиё атрофида бўйлаб юзага келаётган можаролар оқибатлари ва ноанъанавий таҳдидларнинг, энг аввало, ахборот-коммуникация соҳасидаги таҳдидларнинг кучайишига алоҳида урғу берилди.

Мавжуд шароитда минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда биргаликда чора кўриш механизмларини такомиллаштириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

СМТИ вакиллари кучайиб бораётган геосиёсий парчаланиш ҳамда глобал ва минтақавий жараёнларнинг ўзаро боғлиқлиги ортиб бораётгани фонида минтақавий хавфсизлик трансформациясининг асосий тенденцияларини қайд этди. СМТИ маркази раҳбари Мурод Узоқов иқтисодиётлар, инфратузилма ва ахборот маконларининг ўзаро боғлиқлигини чуқурлаштириш минтақавий барқарорликка ташқи омилларнинг таъсирини объектив равишда кучайтиришини, бу эса Марказий Осиё давлатларининг хавфсизлик соҳасидаги келишилган ёндашувларини ишлаб чиқишни янада долзарблаштиришини таъкидлади.

Минтақа мамлакатлари минтақавий субъектлик хусусиятларини изчил мустаҳкамлаб, ўзаро ҳамкорликнинг янада барқарор ва институционаллашган форматларини шакллантирмоқда. Бу борада минтақавий мулоқотни ривожлантириш, транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқлик ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги ташаббуслар алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон Марказий Осиёнинг интеграцияси ва барқарорлигини мустаҳкамлаш бўйича ташаббусларни илгари суриб, бу жараёнларга салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда.

Шунингдек ўқинг

Минтақа учун стратегик аҳамият касб этаётган сув ва иқлим масалаларига, шунингдек, узоқ муддатли барқарорлик ҳамда изчил тараққиётнинг муҳим омили бўлган минтақавий ўзига хосликни шакллантириш жараёнларига алоҳида эътибор қаратилди.

Муҳокамалар давомида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари минтақавий ҳамкорликни мувофиқлаштиришнинг барқарор механизми сифатида алоҳида муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди. 7-учрашув якунлари бўйича қабул қилинган Марказий Осиёда минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик концепцияси ҳамда Марказий Осиё хавфсизлигига хатарларнинг каталоги ва уларнинг олдини олиш бўйича 2026–2028 йилларга мўлжалланган чоралар ўзаро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ҳамда эришилган келишувларни амалга ошириш учун замин яратиши таъкидланди.

Кун тартибини муҳокама қилишда транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқлик масаласига алоҳида эътибор қаратилди. СМТИ бўлим бошлиғи Азамат Сулиманов ушбу омилнинг Марказий Осиёда иқтисодий ўсишнинг асосий драйверларидан бири сифатидаги аҳамияти тобора ортиб бораётганини таъкидлади. Унинг фикрича, геосиёсий беқарорлик шароитида минтақа мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистон манфаатларини кўзлаб, йўналишларни диверсификация қилиш ва қўшимча логистика йўлакларини ривожлантириш зарурати кучаймоқда.

Экспертнинг таъкидлашича, ташқи инқирозлар, жумладан, Яқин Шарқдаги муаммолар глобал таъминот занжирларига сезиларли таъсир кўрсатиб, транспорт харажатларининг ошишига, етказиб бериш муддатларининг узайишига ва логистиканинг мураккаблашишига олиб келмоқда. Бундай шароитда транзит оқимларининг барқарорлигини таъминлашга қодир бўлган ҳудудларнинг роли ортиб бормоқда. Шу билан бирга, Марказий Осиё тобора кўпроқ шаклланаётган Евроосиё геоиқтисодий архитектурасининг муҳим қисми сифатида кўрилмоқда.

Минтақа ҳаво ҳудудининг Европа ва Осиё ўртасидаги барқарор транзит йўналиши сифатидаги аҳамияти ортиб бораётгани, “ланд-лоскед” моделидан чуқур ўзаро транспорт боғлиқлиги ва интеграциялашган инфратузилма тармоғини ривожлантиришни назарда тутувчи “ланд-линкед” моделига босқичма-босқич ўтилаётгани алоҳида таъкидланди.

Шу билан бирга, кенг кўламли инфратузилмавий кун тартибини амалга ошириш давлатлараро мувофиқлаштиришни кучайтиришни ҳамда лойиҳаларни бошқаришнинг келишилган механизмларини, жумладан, ягона транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, йирик лойиҳаларни (“Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темир йўли ва Трансафғон коридори, Транскаспий йўналишлари) татбиқ этиш ва логистикани рақамлаштиришни тақозо этишига қатъий ишонч билдирилди.

Шу нуқтаи назардан, форум иштирокчилари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиёда минтақавий мувофиқлаштиришни мустаҳкамлаш ва интеграция лойиҳалари самарадорлигини ошириш йўлидаги муҳим қадам сифатида Бош вазирлар ўринбосарлари даражасидаги Инфратузилмани ривожлантириш кенгашини тузиш тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватлади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш