Туркистонда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорликнинг янги йўналишлари муҳокама қилинди
Май 12, 2026. 09:00 • 2 дақ
• 177ТУРКИСТОН, 12 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси делегацияси Туркистон вилоятига амалий ташриф буюрди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф доирасида дипломатлар вилоят ҳокими Нуралхан Кушеров, “Атамекен” Миллий тадбиркорлар палатаси вакиллари, ҳудуд бизнес доиралари ҳамда вилоятда яшовчи ватандошлар билан учрашувлар ўтказди.
Вилоят раҳбарияти билан бўлиб ўтган музокараларда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий, саноат, қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди. Ҳоким Туркистон вилояти Қозоғистоннинг энг жадал ривожланаётган ҳудудларидан бири эканини таъкидлади.
2025 йил якунларига кўра, вилоят иқтисодиётининг ўсиши қарийб 14 фоизни ташкил этган, инвестициялар ҳажми 3,8 миллиард АҚШ долларига етган, Ўзбекистон билан товар айирбошлаш ҳажми эса 560 миллион долларни ташкил қилган.
Томонлар ўзбек шериклари иштирокидаги қўшма инвестиция лойиҳаларига алоҳида эътибор қаратди. Жумладан, гўшт ишлаб чиқариш, аквакультура ва томчилатиб суғориш тизимлари соҳаларидаги лойиҳалар муҳокама қилинди. Шунингдек, “Марказий Осиё” халқаро саноат кооперацияси маркази лойиҳасини амалга ошириш жараёни ва уни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Учрашув давомида чорвачилик, саноат кооперацияси ва туризм соҳаларида истиқболли йўналишларни биргаликда ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.
Вилоятнинг “Атамекен” тадбиркорлар палатасида ҳудуд ишбилармон доиралари вакиллари билан ҳам учрашув ташкил этилди. Улар ўзбек шериклари билан ҳамкорликни кенгайтириш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва қўшма лойиҳаларни ривожлантиришга қизиқиш билдирдилар.
Муҳокамалар чоғида юкларни Ўзбекистон ҳудуди орқали транзит қилиш, ташқи савдо шартномалари бўйича ҳисоб-китоблар ва чегара ўтказиш пунктларидан ўтиш масалалари кўтарилди. Барча мурожаатлар юзасидан тегишли тушунтиришлар берилди ҳамда Қозоғистондаги Ўзбекистон элчихонаси билан доимий ҳамкорликни сақлаб туришга келишиб олинди.
Юртимиз дипломатлари Туркистон вилоятида истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳам учрашди. Учрашув қатнашчилари маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш, туристик алмашинувни ривожлантириш, ўзбек тили ва маданиятини қўллаб-қувватлаш, шунингдек қўшма жамоатчилик ва таълим ташаббусларини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатларнинг юқори даражаси алоҳида таъкидланди. Шунингдек, эришилган келишувларни амалга ошириш икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик ва яхши қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси







