Қозоғистон Озарбайжон ва Ўзбекистон билан “яшил” энергетика бўйича келишувни ратификация қилди
Апрель 29, 2026. 19:30 • 2 дақ
• 73
ОСТОНА, 29 апрель. /“Дунё” АА/. Қозоғистон Президенти Озарбайжон ва Ўзбекистон билан “яшил” энергия ишлаб чиқариш ҳамда узатиш соҳасидаги стратегик шериклик тўғрисидаги битимни ратификация қилиш ҳақидаги қонунни имзолади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Казинформ” халқаро ахборот агентлиги маълумотига кўра, ушбу битим 2024 йил 13 ноябрь куни Боку шаҳрида уч давлат раҳбарлари томонидан имзоланган.
Келишув доирасида экологик тоза водород ва аммиакни ишлаб чиқариш ҳамда савдосини ривожлантиришга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, қайта тикланувчи электр энергиясини ишончли трансчегаравий узатиш учун ягона техник ва маъмурий шарт-шароитларни шакллантириш назарда тутилган.
Битимга кўра, томонлар “яшил” электр энергиясини барқарор узатишнинг техник ва тижорий шартларини белгилайди, янги энергия тежамкор технологияларни жорий этади ҳамда Европа ва бошқа минтақаларга энергия экспорти учун инфратузилмани ривожлантиради. Бу борада ички электр тармоқларини кенгайтириш ва “Black Sea Energy” Қора денгиз ости электр узатиш тармоғига уланиш имкониятларини ўрганиш режалаштирилган.
Ушбу ҳужжатда ахборотнинг махфийлик режими ҳамда низоларни маслаҳатлашув ва музокаралар йўли билан ҳал қилиш тартиби ҳам белгилаб қўйилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси