Logo

Никлас Вагнер: Марказий Осиёнинг барқарорлиги Германия манфаатларига жавоб беради

Апрель 16, 2026. 19:04 • 3 дақ

139
Никлас Вагнер: Марказий Осиёнинг барқарорлиги Германия манфаатларига жавоб беради
Никлас Вагнер: Марказий Осиёнинг барқарорлиги Германия манфаатларига жавоб беради
Никлас Вагнер: Марказий Осиёнинг барқарорлиги Германия манфаатларига жавоб беради

ХИВА, 17 апрель. /“Дунё” АА/. 16-17 апрель кунлари Хива шаҳрида “Ўзгарувчан дунёда стратегик ҳамкорлик” мавзусида Марказий Осиё мамлакатлари ва Германия экспертларининг биринчи форуми бўлиб ўтмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё”АА мухбири.

Конференция давомида ГФР Ташқи ишлар вазирлигининг Шарқий Европа, Кавказ ва Марказий Осиё масалалари бўйича вакили Никлас Вагнер иштирокчиларга мурожаат қилди. У Марказий Осиё Германия ва Европа Иттифоқи учун тобора муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.

Германия ТИВ вакили 2023 йилда Берлинда, 2024 йилда эса Остонада “Германия - Марказий Осиё” саммитлари бўлиб ўтганини ёдга олди. Бундан ташқари, икки ой олдин Берлинда минтақа мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари иштирокида “C5+1” форматидаги биринчи вазирлар учрашуви бўлиб ўтди. “Биз бу йил минтақада яна бир саммитни кўришга умид қиламиз”, - деди у.

Никлас Вагнер Берлин иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканини алоҳида таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Германия ва Европа Иттифоқи Марказий Осиё мамлакатлари учун истиқболли экспорт бозорлари ҳисобланади. Бу эса минтақанинг иқтисодий алоқаларни диверсификация қилишга интилишига мос келади.

Шу муносабат билан у халқаро инвесторлар учун қулай шароитлар яратиш бўйича ишларни давом эттириш муҳимлигини таъкидлади. Қонун устуворлигини таъминлаш, иқтисодий шаффофлик ва коррупцияга қарши қонунчиликни такомиллаштириш шулар жумласидандир.

Шунингдек ўқинг

Германия томони вакили энергетика соҳасига алоҳида эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, Германия қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасидаги тажрибасини баҳам кўришга ва Марказий Осиёнинг энергия хавфсизлигини мустаҳкамлаш йўлида биргаликда ишлашга тайёр.

Никлас Вагнер минтақа мамлакатларининг минтақа ичидаги ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади. У Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг йиллик Маслаҳат учрашувлари формати ўзаро ҳамкорликнинг самарали механизмига айланганини эътироф этди. Шунингдек, ушбу платформа хавфсизлик, барқарор ривожланиш, сув ресурсларини бошқариш ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш масалаларида мувофиқлаштиришни чуқурлаштиришга хизмат қилишини билдирди.

Сўзининг якунида ГФР Ташқи ишлар вазирлиги вакили Германия ва Марказий Осиё ўртасидаги ривожланиб бораётган стратегик шериклик ўз-ўзидан мақсад эмас, балки бу икки томон манфаатлари йўлида аниқ натижалар ва тараққиётга эришишга қаратилган доимий жараён эканини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан Фридрих Эберт ва Конрад Аденауэр жамғармалари билан ҳамкорликда Хива шаҳрида ташкил этилган форум давлатимиз раҳбарининг 2024 йил Остона шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Германия” саммити доирасида илгари сурган доимий эксперт платформасини яратиш ташаббусининг амалий натижаси ҳисобланади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш