Саудиядаги университетда Амир Темур ҳаёти ва фаолияти намойиш қилинди
Апрель 29, 2026. 18:25 • 2 дақ
• 71
АР-РИЁЗ, 29 апрель. /“Дунё” АА/. Саудия Арабистонининг Даммам шаҳридаги Имом Абдураҳмон номидаги университетда буюк саркарда ва давлат арбоби Амир Темур ҳаёти ҳамда унинг бой тарихий меросини ўрганишга бағишланган тақдимот маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур тадбир Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчихонаси кўмагида ушбу олийгоҳда фаолият юритаётган ватандошимиз, университет ўқитувчиси Айтен Алкахтани ташаббуси билан ташкил этилди.
Тақдимот давомида талабаларга Амир Темурнинг сиёсий ва ижтимоий фаолияти, у асос солган марказлашган давлат бошқаруви тизими ҳамда Темурийлар Ренессансининг ўзига хос хусусиятлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Тадбирда Соҳибқироннинг Ўзбекистон давлатчилиги тарихидаги беқиёс ўрни алоҳида қайд этилди. Бугунги кунда Амир Темур сиймоси миллий ўзликни англаш ва давлат қудратининг тимсоли экани, унинг дипломатия тамойиллари, илм-фанга бўлган эҳтироми ва бунёдкорлик интилишлари замонавий мустақил Ўзбекистон учун тарихий пойдевор бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди.
Тақдимот якунида Амир Темур шахсияти ҳарбий санъат, донишманд бошқарув ва маданият гуллаб-яшнаган давр асосчиси сифатида таърифланди.
Ушбу маърифий тадбир саудиялик талабаларнинг Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси ҳамда унинг Шарқ интеллектуал ва маънавий анъаналари шаклланишидаги роли ҳақидаги билимини бойитишга хизмат қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси