Ўзбек шоирининг китоби Ҳиндистонда инглиз тилида нашр этилди
Декабрь 20, 2025. 10:00 • 2 дақ
• 97
ДЕҲЛИ, 20 декабрь. /«Дунё» АА/. Ҳиндистон пойтахти Деҳли шаҳрида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли шоир Шуҳрат Орифнинг шеърий тўплами инглиз тилида нашрдан чиқди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
«The Flying Leaf» («Учаётган япроқ») деб номланган китоб «VK Global Publications» нашриёт уйи томонидан чоп этилган.
Мазкур воқеа Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида изчил ривожланиб бораётган маданий-гуманитар ҳамкорликнинг навбатдаги ифодаси бўлди. Сўнгги йилларда турли соҳаларда, жумладан, ижодий уюшмалар, нашриётлар ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги алоқалар фаол мустаҳкамланиб бормоқда.
Тўпламнинг инглиз тилида нашр этилиши алоҳида аҳамиятга эга, чунки у замонавий ўзбек адабиётини жаҳон миқёсида кенг тарғиб қилишга хизмат қилади ҳамда Ўзбекистон ва Ҳиндистон халқлари ўртасидаги ўзаро англашувни янада чуқурлаштиради.
Бу, айниқса, замонавий шеърият орқали ўз тенгдошларининг қадриятлари ва дунёқараши билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлаётган ҳар икки давлат ёшлари учун жуда муҳимдир.
Шуҳрат Орифнинг шеърий асарларини инглиз тилига истеъдодли ўзбек шоираси Мунира Норова таржима қилган.
Икки мамлакат адиблари ўртасидаги ижодий алоқалар изчил мустаҳкамланишда давом этмоқда. Бунга яқинда ҳиндистонлик тадқиқотчи ва таржимон Шаменаз Шайх Бано томонидан таниқли ўзбек шоири Анвар Обиджоннинг «Мешполвон» китоби ҳинд тилига таржима қилингани ҳам ёрқин мисол бўла олади.
Шуҳрат Орифнинг янги тўплами тақдимоти 2026 йил январь ойида дунёдаги энг нуфузли халқаро китоб кўргазмаларидан бири — «New Delhi World Book Fair» доирасида ўтказилиши режалаштирилган.
Шуҳрат Ориф ўзбек адабиётини хорижда фаол тарғиб қилаётган ижодкорлардан бири сифатида танилган. Биргина жорий йилнинг ўзида унинг китоблари Анқарада турк тилида («Mavi erk») ва Бишкекда қирғиз тилида («44-куз») нашр этилди.
Янги шеърий тўплам нафақат маданиятлараро мулоқотга ҳисса қўшади, балки Ўзбекистон ва Ҳиндистон адабий ҳамда нашриёт доиралари ўртасидаги келгусидаги самарали ҳамкорлик учун янги истиқболларни очади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси