Ўзбекистон ҳақидаги китоблар Гарвард университети кутубхонасига тақдим этилди
Ноябрь 03, 2026. 12:00 • 2 дақ
• 61
КЕМБРИЖ, 3 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг замонавий тараққиёти, мустақиллик йилларидаги ислоҳотлари ва миллий меросига бағишланган қатор китоблар АҚШдаги нуфузли Гарвард университети кутубхонасига тақдим этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тақдим этилган китоблар орасида Президент Шавкат Мирзиёевнинг инглиз тилида нашр этилган асарлари ҳам бор. Хусусан, Президентнинг “Янги Ўзбекистоннинг “яшил” тараққиёт йўли” китоби, “Шавкат Мирзиёев – жаҳон миқёсидаги давлат ва сиёсат арбоби”, “Мустақиллик зафарномаси” ҳамда “Янги Ўзбекистон: тинчлик, инсонпарварлик ва бағрикенглик диёри” китоб-альбомлари топширилди.
Ушбу нашрларда мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар, экологик барқарорлик, ташқи сиёсат, инсонпарварлик тамойиллари ва мустақиллик йилларидаги тараққиёт жараёнлари ёритилган. Мазкур асарлар хорижлик талабалар, олимлар ва тадқиқотчиларга Ўзбекистоннинг бугунги ривожланиши ҳамда тарихи ҳақида маълумот олиш имконини беради.
1638 йилда ташкил этилган Гарвард университети кутубхонаси бугунги кунда 25 дан ортиқ кутубхона ва бўлинмани бирлаштиради. Унинг фондларида 20 миллиондан ортиқ китоб ва бошқа материаллар сақланади. Манбалар 460 дан зиёд тилни қамраб олади.
Гарварднинг ноёб китоблар ва қўлёзмалар билан ишлашга ихтисослашган Хоутон кутубхонаси вакили Кристина Жейкобсон тақдим этилган нашрлар халқаро илмий муҳитда Ўзбекистон ҳақидаги билимларни кенгайтиришга хизмат қилишини таъкидлади.
“Барқарор ривожланиш маркази” ННТ бўлим бошлиғи Авазбек Холбековнинг қайд этишича, Ўзбекистоннинг тараққиёт тажрибаси ва маънавий меросига бағишланган китоблар тақдимоти аввалроқ БМТда ҳам ўтказилган. У Гарвард университети раҳбариятига ушбу нашрларни академик муҳитда тарғиб этаётгани учун миннатдорлик билдирди.
Мазкур ташаббус Ўзбекистон ҳақидаги илмий ва маданий манбаларнинг хорижий кутубхоналарда жамланиши, улардан халқаро тадқиқотларда фойдаланиш имкониятларининг кенгайишига хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси