Малайзияда ўзбек хотин-қизларини бирлаштирувчи уюшма ташкил этилади

Ноябрь 03, 2026. 09:30 • 2 дақ

• 112
Малайзияда ўзбек хотин-қизларини бирлаштирувчи уюшма ташкил этилади

КУАЛА-ЛУМПУР, 3 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Мукаррам Нурматова бошчилигидаги делегациянинг Малайзияга хизмат сафари амалга оширилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ташриф доирасида ушбу мамлакатда фаолият юритаётган ва таҳсил олаётган ватандош хотин-қизлар иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.

Учрашувда Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Куала-Лумпур шаҳридаги вакиллари ва координаторлари ҳам қатнашди.

Мукаррам Нурматова иштирокчиларга юртимизда ва хорижда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. У аёлларга яратилаётган қўшимча ижтимоий-иқтисодий имкониятлар ҳақида маълумот берди.

Хусусан, хотин-қизларнинг магистратурада таълим олиши бепул асосда амалга оширилиши, эҳтиёжманд оилалар қизларининг бакалавриат босқичи учун шартнома тўловлари тўлиқ давлат томонидан қоплаб берилиши, тадбиркорликни бошлаш ёки бизнесини кенгайтирмоқчи бўлган аёлларга имтиёзли кредитлар ажратилаётгани хусусида фикр билдирди.

Тадбирда Малайзиядаги хотин-қизларимизнинг таклиф ва ташаббуслари тингланди. Таклифларнинг асосий қисми янги IT ва стартап лойиҳаларини ишга тушириш, Ўзбекистондаги тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда қўшма тадқиқот ишларини амалга ошириш ҳамда аёллар ўртасида ватанпарварлик руҳини оширишга қаратилган тадбирларни ташкил этиш билан боғлиқ экани эътиборга олинди.

Кўтарилган масалалар бўйича юртдошларга тизимли кўмак кўрсатиш мақсадида Малайзияда Ўзбек хотин-қизлари уюшмасини ташкил этиш ва унинг фаолиятини “Уюшма-Элчихона-Хотин-қизлар қўмитаси” формати асосида йўлга қўйишга келишиб олинди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш