Анқарадаги учрашув ва музокаралар Ўзбекистон иқтисодий дипломатиясида янги саҳифа очмоқда

Ноябрь 03, 2026. 10:30 • 5 дақ

• 122
Анқарадаги учрашув ва музокаралар Ўзбекистон иқтисодий дипломатиясида янги саҳифа очмоқда

ТОШКЕНТ, 3 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институтининг Иқтисодий соҳада қонунчилик шўбаси мудири, профессор Комил Рашидов “Дунё” ААга Президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга амалий ташрифи ва Туркий давлатлар ташкилоти саммитидаги иштироки ҳақида фикр билдирди:

– Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатини изчил амалга ошириш, халқ ва давлат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий-гуманитар йўналишларда икки ва кўп томонлама музокараларни мунтазам ва самарали олиб бориш ташқи сиёсатнинг конституциявий асосларига тўла мос келади.

“Мақсад–ҳаракат– натижа” тамойили асосида фаолият юритаётган Янги Ўзбекистон иқтисодий дипломатияси икки томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш йўлида юқори даражадаги кўп томонлама дипломатия майдонларида ҳам аниқ мазмун билан бойиб бормоқда.

Ўзбекистон Президентининг 29–30 октябрь кунлари Анқара шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг 13-саммитида иштирок этиш учун Туркияга амалга оширган амалий ташрифи доирасида олий даражадаги икки томонлама учрашувлар бўлиб ўтди.

Мулоқотлар чоғида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини, хусусан, сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий ҳамда маданий-гуманитар соҳаларда янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Музокаралар якунида Ўзбекистон ва Туркия етакчилари Бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича юқори даражадаги кенгашни таъсис этиш тўғрисидаги битимни имзолади. Шу билан бирга, савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, ишбилармон доиралар учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва уларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, фуқароларнинг ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган қатор икки томонлама ҳужжатлар қабул қилинди.

Янги ташкил этилган Бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича юқори даражадаги кенгаш икки мамлакат ўртасидаги ҳар томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни қўллаб-қувватлашнинг янги формати ҳисобланади. Унинг фаолияти тадбиркорларни кенг кўламда қўллаб-қувватлаш, тўсиқларни тезкорлик билан бартараф этиш ва ўзаро савдо-иқтисодий шерикликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қаратилган.

Янги кенгаш ва амалдаги қўшма ҳукуматлараро комиссия давлат раҳбарлари томонидан қўйилган товар айирбошлаш ҳажмини 5 миллиард АҚШ долларига етказиш вазифасини биргаликда ҳал этади. Бунга Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим доирасида маҳсулотлар рўйхатини ҳамда истиқболли лойиҳалар портфелини кенгайтириш ҳисобига эришилади.

Ҳамкорликнинг ушбу иқтисодий тузилмалари, жумладан, Ўзбекистон–Туркия ишбилармонлар кенгаши икки давлат раҳбарлари бошчилигидаги Стратегик ҳамкорлик кенгаши фаолиятида муҳим воситага айланади.

Давлатимиз раҳбарининг Анқара шаҳрида Туркиянинг етакчи компаниялари вакиллари билан ўтказган учрашувлари бизнес вакилларининг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга бўлган ишончидан далолат берди. Мазкур учрашувларда инвестициявий ҳамкорликнинг қуйидаги истиқболли йўналишлари кўриб чиқилди:

“Anadolu Group” холдинги билан Самарқанддаги “SamAvto” корхонасини модернизация қилиш, унинг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва маҳсулот экспорти ҳажмини ошириш бўйича қўшимча инвестиция лойиҳалари муҳокама қилинди;

“Evyap Holding” компанияси шахсий гигиена воситалари ва косметика маҳсулотларини ишлаб чиқаришда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришга, “OSTIM Global” эса Ўзбекистон–Туркия саноат зонасида ишга туширилаётган янги лойиҳани амалга оширишга тайёрлигини билдирди;

“EKSIM Holding” компанияси билан биргаликда қайта тикланувчи энергетика, геология ва тоғ-кон саноати, инфратузилма, электромобиллар учун қувватлаш станциялари тармоғини яратиш ҳамда озиқ-овқат саноати соҳаларида лойиҳаларни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди;

Шунингдек ўқинг

“OYAK” компанияси Янги Ўзбекистонда кимё саноати, геология ва қурилиш соҳаларида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишдан манфаатдорлиги, Янги Тошкентда турар-жой мажмуалари ва ташқи инфратузилма объектларини барпо этишда фаол иштирок этишга тайёрлигини билдирди.

Икки давлат ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик, Конституция, ташқи иқтисодий ва инвестициявий фаолият тўғрисидаги қонунчилик ҳамда Туркия билан инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги битим қоидалари Анқарада Туркиянинг етакчи ишбилармон доиралари билан эришилган келишувларни амалга ошириш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Ушбу учрашувларда давлатимиз раҳбари мамлакатимизнинг Туркия билан изчил ривожланиб бораётган стратегик шериклик муносабатларида ишбилармон доираларнинг ўрни ва ҳиссаси салмоқли эканини алоҳида таъкидлади.

Иқтисодий дипломатия соҳасида янги йўналишлар бўйича амалий ҳамкорликни кўп томонлама формат доирасида ҳам давом эттириш таклиф этилди.

Хусусан, Ўзбекистон раҳбари Туркий давлатлар ташкилотининг 13-саммитидаги нутқида ноёб минералларни қайта ишлаш ва “яшил” энергетика учун ускуналар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш каби юзта стратегик қўшма инвестиция ва саноат лойиҳасини қамраб олувчи “Туркий дунё – 100” дастурини қабул қилиш таклифини илгари сурди.

Мазкур лойиҳаларни амалга ошириш учун Ўзбекистон ва халқаро молия институтлари маблағлари жамланган Туркий инвестиция жамғармаси ресурсларини жалб этиш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон томонининг бошқа муҳим ташаббуслари қуйидаги таклифлардан иборат бўлди:

– тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилиш учун зарур бўлган “Тижорат ишлари бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги кўп томонлама шартномани ишлаб чиқиш, ҳуқуқий ёрдам сўровлари ҳамда тегишли ҳужжатлар билан электрон алмашиш учун мўлжалланган рақамли платформани яратиш;

– ташкилотга аъзо давлатларнинг халқаро юк ташиш ва логистикадаги иштирокини кенгайтириш, иқтисодий манфаатдорликни оширишга хизмат қилувчи “Туркий давлатлар логистика мажмуалари тармоғи”ни ташкил этиш ҳамда уни биргаликда бошқаришни таъминлаш;

– туризм салоҳиятини кенгайтириш мақсадида “Туркий туризм альянси”ни ташкил этиш, фуқароларнинг ўзаро сафарларини соддалаштириш ва ID-карталар орқали ҳаракатланиш имкониятларини кенгайтиришни назарда тутувчи кўп томонлама битимни ишлаб чиқиш ҳақида сўз борди.

Туркияга амалий ташриф доирасида бўлиб ўтган олий даражадаги музокараларнинг тарихий аҳамияти, имзоланган икки ва кўп томонлама ҳужжатлар ҳамда ишбилармонлик учрашувлари мамлакатимиз иқтисодий дипломатиясида янги саҳифа очди.

Бу Ўзбекистон–Туркия ўртасидаги ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни аниқ ютуқлар билан бойитиш, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни туркий бирдамлик йўлида янада кенгайтириш учун зарур шарт-шароитлар яратади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш