Латвия компаниялари Ўзбекистоннинг инвестиция ва логистика имкониятларини ўрганмоқда
Октябрь 08, 2026. 18:30 • 2 дақ
• 65РИГА, 8 октябрь. /“Дунё” АА/. “Марказий Осиё – Болтиқбўйи” уюшмаси раҳбари Александрс Видякинс бошчилигидаги Латвия компаниялари делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф давомида делегация Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатасида учрашувлар ўтказди. Унда транзит ташувларини ошириш, янги логистика хабларини ташкил этиш, юк ташиш йўналишларини ривожлантириш, темирйўл ва авиация соҳаларидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.
Рига эркин порти негизида Ўзбекистон–Латвия логистика хабини яратиш, экспортчилар ва импортчилар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш ҳамда учинчи давлатлар бозорларига биргаликда чиқиш имкониятлари алоҳида кўриб чиқилди.
Делегация аъзолари Сурхондарё вилояти ва «Айритом» махсус иқтисодий зонасига ҳам ташриф буюрди. Унда Термиз шаҳрини Марказий, Жанубий Осиё ва Европа ўртасидаги транспорт-логистика маршрутларига интеграция қилиш, Европа мамлакатларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Латвиялик тадбиркорлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, резавор меваларни етиштириш ва музлатиш, иссиқхона хўжалиги, биогаз ҳамда органик ўғитлар ишлаб чиқариш соҳаларидаги ҳамкорлик имкониятларини ҳам ўрганди.
Ташриф Тошкент шаҳрида ўтказилган бизнес-форум билан якунланди. Унда ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар ва экспортчилар Латвия компаниялари вакиллари билан учрашди. Томонлар ўзаро савдо айланмасини ошириш, Ўзбекистон маҳсулотлари экспортини кенгайтириш ва қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

