Ўзбекистон ва Чехия миллий малака сертификат ва дипломларини тан олиш бўйича мулоқотлар бошланди

Октябрь 07, 2026. 17:30 • 2 дақ

• 88
Ўзбекистон ва Чехия миллий малака сертификат ва дипломларини тан олиш бўйича мулоқотлар бошланди

ПРАГА, 7 октябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Чехиядаги элчихонаси томонидан икки мамлакат ўртасида миллий малака сертификат ва дипломларни тан олиш масалаларига бағишланган онлайн учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Учрашувда Ўзбекистон ва Чехиянинг тегишли идора ва ташкилотлари вакиллари иштирок этди. Улар Ўзбекистонда берилган миллий касбий малака сертификатлари ва дипломларни Чехияда тан олиш масалаларини муҳокама қилди.

Мулоқот давомида асосий эътибор меъморлар ва қурилиш муҳандисларининг касбий малакасини тан олиш, уларнинг Чехияда профессионал фаолият юритиши учун белгиланган талаблар ва мавжуд тартиб-таомилларга қаратилди.

Ўзбекистон томонидан элчихона ва консуллик бўлими вакиллари, Ўзбекистон Миллий малака тизимини ривожлантириш институти директори Анвар Аллабергенов ҳамда соҳа мутахассислари ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.

Чехия томонидан Минтақавий ривожланиш вазирлиги, Архитекторлар палатаси (ČKA) ҳамда Қурилиш соҳасидаги ваколатли муҳандислар ва техниклар палатаси (ČKAIT) вакиллари ўз фикрларини баён этди.

Мулоқот давомида Чехияда касбий квалификацияларни тан олиш тизимининг ўзига хос жиҳатларига тўхталиб ўтилди. Чехиялик мутахассисларнинг маълум қилишича, мамлакатда барча касблар учун ягона марказлаштирилган ваколатли идора мавжуд эмас.

Қурилиш соҳасидаги айрим тартибга солинадиган касблар бўйича ваколатлар тегишли профессионал палаталарга берилган. Бошқа касблар бўйича диплом ва квалификацияларни тан олиш масалалари эса тегишли давлат органлари билан алоҳида кўриб чиқилади.

Учрашув якунида Ўзбекистон ва Чехияда қўлланиладиган малака сертификатлари, уларнинг даражаси, мазмуни ва талабларини таққослама таҳлил қилиш бўйича материал тайёрлашга келишилди. Мазкур таҳлилий материал келгусида аниқ касбий малакаларни Чехияда тан олиш бўйича амалий музокараларни давом эттириш учун асос бўлади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш