Лея Гутиэррес: Ўзбекистон қайта тикланувчи энергетика соҳасида узоқни кўзлаган инвестиция дастурини амалга оширмоқда

Ноябрь 12, 2026. 10:00 • 3 дақ

• 19
Лея Гутиэррес: Ўзбекистон қайта тикланувчи энергетика соҳасида узоқни кўзлаган инвестиция дастурини амалга оширмоқда

АНТАЛИЯ, 12 ноябрь. /“Дунё” АА/. Осиё тараққиёт банки (ОТБ)нинг Марказий ва Ғарбий Осиё департаменти бош директори Лея Гутиэррес “Дунё” АА мухбирига берган интервьюсида COP31 доирасида очилган Ўзбекистон павильони ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди ҳамда банкнинг “яшил” тараққиёт соҳасидаги устувор йўналишлари ҳақида сўз юритди.

– Ўзбекистон павильони кишида унутилмас таассурот қолдиради. Павильон мамлакатнинг бой қишлоқ хўжалиги салоҳияти ҳамда маҳсулотлари хилма-хиллигини аъло даражада акс эттирган. Айниқса, узумзор концепцияси жуда моҳирона очиб берилган, меъморий ва дизайнерлик ечими Ўзбекистоннинг табиий ва экологик йўналишини уйғун тарзда намоён этмоқда.

Павильон нафақат ўзига хос безаги, балки меҳмондўстлик руҳи уфуриб турган муҳити билан ҳам эътиборни тортади. Меҳмонлар бу ерда тўхтаб, мамлакатга катта қизиқиш билдирмоқда, саволлар бериб, Ўзбекистон ҳақида янада кўпроқ билишга интилмоқда.

Шу тариқа, павильон шунчаки кўргазма майдони эмас, балки мамлакат маданияти, салоҳияти ва эришган ютуқлари билан яқиндан таништирувчи чинакам мулоқот майдонига айланган. Ушбу масканни яратишда иштирок этган барча мутахассисларни самимий қутлайман.

Ўзбекистон Президентининг “яшил” тараққиёт борасида олиб бораётган изчил сиёсатини алоҳида эътироф этмоқчиман. Мамлакат қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш йўлида жадал илдамлаётгани диққатимни тортди. Хусусан, павильондаги тақдимот мазкур соҳага йўналтирилаётган инвестициялар кўламини яққол кўрсатиб берди.

Шунингдек ўқинг

Ўзбекистон қайта тикланувчи энергетика соҳасида истиқболли инвестиция дастурини шакллантирган ҳолда, чин маънода узоқни кўзлаган ёндашувни намойиш қилмоқда. Бу юксак эътирофга муносибдир, боиси бундай ташаббуслар нафақат миллий иқлим мақсадларига эришиш, балки узоқ муддатли энергетик барқарорликни таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Осиё тараққиёт банкининг “яшил” энергетика бўйича ёндашуви ҳақида тўхталадиган бўлсам, биз ҳозирда қуёш ва шамол энергетикасини ривожлантиришга инвестициялар киритмоқдамиз ҳамда ушбу йўналишни қўллаб-қувватлаш кўламини янада кенгайтиришдан манфаатдормиз.

Шу билан бирга, бизнинг ёндашувимиз фақат айрим технологиялар ёки муайян мамлакатлар билангина чекланиб қолмайди. Биз Марказий Осиёнинг ҳар бир давлатига хос хусусиятлар ва эҳтиёжларни инобатга олган ҳолда, қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш имкониятларини комплекс тарзда кўриб чиқмоқдамиз.

Қуёш ва шамол энергетикасидан ташқари, гидроэнергетика ҳам улкан салоҳиятга эга. Устувор йўналишларни танлаш эса ҳар бир мамлакатнинг табиий шароити, энергетик имкониятлари ҳамда миллий хусусиятларига таянади.

Шу боис Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонда ҳам, бутун минтақада ҳам энергетиканинг барқарор трансформациясига хизмат қиладиган турли лойиҳаларни кўриб чиқишга ва самарали ечимларни қўллаб-қувватлашга доим тайёр.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш