Бокуда Ўзбекистон ва Қатар етакчиларининг учрашуви бўлиб ўтди
Октябрь 15, 2026. 17:15 • 2 дақ
• 76
ТОШКЕНТ, 15 октябрь. /“Дунё” АА/. Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш саммити доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, суҳбат аввалида икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари ва кўп қиррали амалий ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.
Сўнгги йилларда олий даражадаги самарали мулоқотлар туфайли ўзаро алоқалар янги сифат босқичига кўтарилгани таъкидланди. Бугунги кунда Қатар компаниялари билан энергетика, кимё саноати, озиқ-овқат хавфсизлиги, транспорт, қурилиш каби соҳаларда фаол ишлар олиб борилмоқда, жорий йил бошидан буён инвестициялар ўзлаштирилиши сезиларли даражада ошди.
Шунингдек, жадал ривожланиб бораётган маданий-гуманитар алоқалар халқларимизни янада яқинлаштиришга хизмат қилмоқда.
Учрашувда икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари ҳам белгилаб олинди. Хусусан, декабрь ойида ўтадиган Доҳа форумида Ўзбекистондан нуфузли делегация иштирок этиши, тадбир доирасида Ҳукуматлараро қўшма комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилишларини ўтказиш режалаштирилмоқда.
Етакчилар халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси