“Chintan Research Foundation”: Ўзбекистон ҳукмронлик ўрнига инсон қадр-қиммати, доимий қарама-қаршилик ўрнига мулоқот ва қарамлик ўрнига стратегик мустақилликни танлади

Октябрь 15, 2026. 17:20 • 5 дақ

• 88
“Chintan Research Foundation”: Ўзбекистон ҳукмронлик ўрнига инсон қадр-қиммати, доимий қарама-қаршилик ўрнига мулоқот ва қарамлик ўрнига стратегик мустақилликни танлади

ТОШКЕНТ, 15 октябрь. /“Дунё” АА/. Ҳиндистон ҳукмрон “Bharatiya Janata” партияси етакчи таҳлилий платформаси – “Chintan”да халқаро экспертлар Хавер Педра ва Сумир Бҳасиннинг Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессиясидаги нутқига бағишланган мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада Саида Мирзиёеванинг БМТ Бош Ассамблеяси сессиясидаги нутқи давлат сиёсати даражасида кўриб чиқилиб, Ҳиндистоннинг стратегик тажрибаси билан қиёсланган. Муаллифлар икки мамлакат ўртасидаги барча фарқларга қарамай, уларнинг халқаро тартибот, тараққиёт ва хавфсизликка доир ёндашувлари мазмунан яқин мантиққа таянишини таъкидлаган.

Х.Педра молиявий маслаҳатчи, геосиёсий таҳлилчи ва Марказий Осиёда кўп йиллик иш тажрибасига эга халқаро ривожланиш бўйича мутахассис ҳисобланади. С.Бҳасин эса халқаро муносабатлар масалаларига ихтисослашган Ҳиндистоннинг “Chintan” таҳлил маркази экспертидир.

I. Қайд этилишича, С.Мирзиёева 23 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессиясида “Шарқ ва Ғарб” ўртасида танлов қилиш ҳақидаги саволга жавобан Ўзбекистоннинг танлови “инсон қадр-қиммати”, очиқлик ва мулоқот эканини таъкидлаган.

Унинг сўзларига кўра, куч қонундан устун эмас. Муаллифлар ушбу фикрларни фақат ахлоқий баёнотлар сифатида баҳолаб бўлмаслигини таъкидлади. Чунки улар кўп қутблиликнинг ўзи барқарорликни кафолатламайдиган, ўзгариб бораётган халқаро тартиботни прагматик англашни акс эттиради.

Шу муносабат билан улар мазкур позициянинг Ҳиндистоннинг Қўшилмаслик ҳаракатидан стратегик мустақиллик ва кўп векторлилик сари босиб ўтган йўли билан ҳамоҳанглигига эътибор қаратган. Жумладан, Ҳиндистон Россия билан муносабатларини сақлаган ҳолда АҚШ билан ҳамкорлик қилади, BRIKS ва ШҲТ аъзоси бўлиб қолган ҳолда QUAD форматида иштирок этади ҳамда Ғарбий Осиёдаги барча сиёсий кучлар билан алоқаларни ривожлантиради.

Муаллифларнинг фикрича, мақсад шунчаки бетараф бўлиш эмас, балки стратегик танлов эркинлигини сақлашдан иборат. Шу билан бирга, С.Мирзиёеванинг ҳамкорликка киришиш бевосита қўллаб-қувватлашни англатмаслиги, мулоқот таслим бўлишга тенг эмаслиги, мустақиллик эса яккаланишни талаб этмаслиги ҳақидаги фикри билан ҳамоҳанглик таъкидланади.

II. Бундан ташқари, ёндашувлар ўртасида янада чуқур цивилизациявий ўхшашлик мавжудлиги қайд этилади. Ҳиндистоннинг “Vasudhayva Kutumbakam” (“дунё – ягона оила”) концепсияси инсон фаровонлигини географик, мафкуравий ҳамда этник ва диний бўлинишлардан устун қўяди. Ҳиндистоннинг G20га раислиги доирасида ушбу концепция “Ягона Ер, ягона оила, ягона келажак” шиорида ўз ифодасини топган.

Муаллифлар бунда С.Мирзиёеванинг давлат қудрати нафақат ҳарбий ва иқтисодий салоҳият, балки инсонларнинг қадр-қиммати, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш қобилияти билан ҳам ўлчаниши ҳақидаги фикри билан бевосита муштаракликни кўради.

Уларнинг сўзларига кўра, ички ислоҳотлар натижалари ушбу йўлнинг тасдиғидир. Ҳиндистонда кўп ўлчовли камбағаллик даражаси 2013–2014 йиллардаги 29 фоиздан 2022–2023 йилларда 11 фоизгача пасайган.

Ўзбекистон иқтисодиёти ҳажми қарийб 50 миллиард доллардан 147 миллиард долларга етган, камбағаллик даражаси 4 фоизгача қисқарган. Айни пайтда гўдаклар ўлими камайиб, умр кўриш давомийлиги ошган. Умумий хулоса шундан иборатки, ислоҳотларнинг ҳақиқий қадр-қиммати инсонлар ҳаётида намоён бўлиши лозим.

III. Муаллифлар Афғонистон йўналишига алоҳида эътибор қаратган. Уларнинг баҳолашича, позицияларнинг яқинлиги айнан шу йўналишда энг яққол намоён бўлади.

Экспертлар С.Мирзиёеванинг Афғонистонни фақат хавф манбаи сифатида қабул қилиш минтақа муаммосини ҳал этмаслиги ҳақидаги фикрини келтирган. Шунингдек, ҳукуматлар алмашиши, бироқ географик воқелик, халқлар ва барқарор манфаатлар сақланиб қолишини эслатади.

Шунингдек ўқинг

Шу муносабат билан Ҳиндистоннинг Қобул билан ҳамкорлиги фақат давлатлараро алоқалар билан чекланмай, инфратузилма, таълим, соғлиқни сақлаш, кадрлар тайёрлаш, савдо ва гуманитар алоқаларни қамраб олади.

Бунда Афғонистон Марказий Осиё, Эрон, Жанубий Осиё ва Форс кўрфазини бирлаштирувчи ўзаро боғлиқ стратегик маконнинг муҳим бўғини сифатида кўрилади.

Айнан шу сабабли, муаллифларнинг фикрича, Ўзбекистон доктринаси геосиёсатдан узилган идеализм эмас, балки прагматик сиёсатдир.

IV. Якуний қисмда экспертлар глобал бошқарув масалаларига мурожаат қилади. Уларнинг фикрича, С.Мирзиёеванинг БМТ Хавфсизлик Кенгашини ислоҳ қилиш ва кенгайтиришга даъвати, шунингдек, Ўзбекистоннинг Қўшилмаслик ҳаракатига бўлажак раислиги кенгроқ тенденция доирасига киради. Бу тенденцияда Глобал Жануб йирик давлатлар рақобати майдони ролини бажаришни тобора қатъий рад этмоқда.

Шу билан бирга, Глобал Жануб навбатдаги қатъий блокни тузишга интилмаётгани, балки халқаро муносабатларда мустақил ҳаракат қилиш, яъни ўз манфаатларини ҳимоя қилиш ва халқаро институтларни шакллантиришда иштирок этиш имкониятига эга бўлишга интилаётгани таъкидланган.

Муаллифлар Н.Модининг Глобал Жануб бугун глобал инқирозларнинг олдинги сафида, бироқ қарорлар қабул қилишда охирги сафда қолаётгани ҳақидаги сўзларини ҳам келтиради. Улар ушбу “имтиёзлар пирамидаси”ни “шериклик платформаси”га айлантиришга чақиради.

Муаллифлар айни тамойилни сунъий интеллект соҳасига ҳам татбиқ этади.

С.Мирзиёеванинг технология инсонга хизмат қиладими ёки инсон технологияга мослашишга мажбурми, деган саволи Ҳиндистоннинг сунъий интеллектни тартибга солишга доир ёндашуви билан тўла ҳамоҳангдир. Ушбу ёндашув шаффофлик, ҳисобдорлик ва инсон назоратини сақлаб қолишга урғу беради.

V. Умуман олганда, муаллифлар инсон қадр-қиммати, мулоқот, суверен танлов, инклюзив ривожланиш, технологияларга масъулиятли муносабат ҳамда яккаланишдан кўра ҳамкорликни устун қўйиш давлат бошқарувининг яхлит фалсафасини ташкил этади, деган хулосага келади.

Уларнинг фикрича, геосиёсий танловни икки муқобил билан чеклашни рад этиш пассивликка тенг эмас. Чунки мамлакат ўзаро рақобатлашаётган йирик давлатларга бўйсунмаган ҳолда улар билан ҳамкорлик қилиши ва айни пайтда иқтисодий салоҳиятини ошириб, тараққиётни инсонлар ҳаётининг яхшиланиши билан ўлчаши мумкин.

Экспертлар Ўзбекистон ҳукмронлик ўрнига инсон қадр-қимматини, доимий қарама-қаршилик ўрнига мулоқотни ва қарамлик ўрнига стратегик қарорлар ва ҳаракат қилишдаги мустақилликни танлаганини эътироф этади.

Янги кўп қутбли тартибот шароитида, дунё яна рақобатлашувчи лагерларга бўлинишга мойил бўлаётган бир пайтда, айнан бундай масъулиятли сиёсат нафақат ахлоқий жиҳатдан асосли, балки стратегик жиҳатдан ҳам зарур бўлиб чиқиши мумкин.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш