“Liga Hispano Arabe”: Ўзбекистон ва Миср аграр соҳадаги қўшма лойиҳаларни кенгайтирмоқда
Сентябрь 23, 2026. 13:00 • 2 дақ
• 48
ҚОҲИРА, 23 сентябрь. /“Дунё” АА/. Мисрнинг “Liga Hispano Arabe” нашрида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида Ўзбекистон–Миср ҳамкорлигини кенгайтиришга бағишланган мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда хабар қилинишича, Миср қишлоқ хўжалиги ва ерларни мелиорация қилиш вазири Алаа Фарук Ўзбекистоннинг юқори мартабали ҳукумат делегациясини қабул қилди.
Учрашувда аграр соҳадаги қўшма фаолият истиқболлари ва икки томонлама инвестицияларни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди. Алаа Фарук ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш, раҳбариятнинг барқарор озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун иқтисодий ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш бўйича келишувлар доирасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон делегацияси аъзолари Миср аграр секторидаги кенг кўламли тараққиётни юқори баҳолаб, Мисрнинг уруғчилик соҳасидаги тажрибаси ва замонавий технологиялари, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш бўйича илғор тажрибасини ўзлаштиришга қизиқиш билдирди.
Мақолада ёзилишича, томонлар чорвачилик, ветеринария ва амалий илмий тадқиқотлар соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олган.
Шу билан бирга, давлат муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари ва хусусий сектор ўртасида тўғридан-тўғри шериклик алоқаларини ўрнатиш, ўзаро ташрифларни ташкил этиш бўйича фикр алмашилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси