Тошкентда ўтказиладиган “Plastex Uzbekistan 2026” кўргазмасида 11 мамлакатнинг етакчи компания ва брендлари қатнашади
Сентябрь 21, 2026. 12:30 • 2 дақ
• 211
ТОШКЕНТ, 21 сентябрь. /“Дунё” АА/. Тошкентда 22–24 сентябрь кунлари пластмасса ва полимер ишлаб чиқариш ҳамда қайта ишлаш соҳасида “Plastex Uzbekistan 2026” халқаро кўргазмаси бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Қозоғистоннинг “DKNews” ААнинг ёзишича, ушбу нуфузли кўргазмада 11 мамлакатнинг 250 дан ортиқ компания ва брендлари иштирок этади.
Хусусан, Австрия, Германия, Ҳиндистон, Эрон, Италия, Хитой, Латвия, Россия, Саудия Арабистони, Туркия ва Ўзбекистон ишбилармонлари кўргазмада ўз маҳсулотларини намойиш қилади. Кўргазма “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасининг 1-, 2- ва 3-павильонлари ҳамда “Атриум 2” залида ўтказилади.
Экспозицияда пластмасса ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш ускуналари, полимер хомашёси ва қўшимчалар, пресс-қолиплар, периферик ускуналар, автоматлаштириш, қадоқлаш ва қайта ишлаш ечимлари намойиш этилади.
Хорижий иштирокчилар орасида Германиянинг “Koenig & Bauer Kammann GmbH”, Италиянинг “Definitive Innovation” ва “PLAS MEC”, Туркиянинг “TERMOKAR MAKİNA” компаниялари бор. Ўзбекистондан термоэластопластлар ишлаб чиқарувчи “NOVOPLAST TPE” корхонаси қатнашади.
“Plastex” билан бир вақтда полиграфия, қадоқлаш, пластмассалар, полимерлар ва нефть-кимё йўналишидаги “4P Central Asia” кўргазмаси ҳам бўлиб ўтади. Бундай формат иштирокчиларга ишлаб чиқариш занжирини ягона майдонда тақдим этиш имконини беради.
Кўргазма асосан B2B аудиторияга мўлжалланган бўлиб, ускуналар ишлаб чиқарувчилар, хомашё етказиб берувчилар, қайта ишловчилар, муҳандислар ва корхоналар вакиллари учун музокаралар майдонига айланади.
“Plastex Uzbekistan 2026” кўргазмаси халқаро ишлаб чиқарувчиларнинг Ўзбекистон саноат бозорига ҳамда етказиб бериш, технологик ҳамкорлик ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни ривожлантириш имкониятларига қизиқиши ортиб бораётганини акс эттиради.
Кўргазма 22–23 сентябрь кунлари соат 10:00 дан 17:00 гача, 24 сентябрь куни эса 16:00 гача очиқ бўлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси