Ўзбекистон ва Саудия Арабистонининг қўшма лойиҳалари портфели 27 миллиард доллардан ошди

Сентябрь 22, 2026. 18:00 • 2 дақ

83
Ўзбекистон ва Саудия Арабистонининг қўшма лойиҳалари портфели 27 миллиард доллардан ошди

АР-РИЁЗ, 22 сентябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз элчиси Нодиржон Турғунов Саудия Арабистонининг етакчи “Оказ” газетасига интервью берди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Суҳбат нашрнинг Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд тахтга ўтирганининг 12 йиллигига бағишланган махсус сонида чоп этилди.

Мақолада қайд этилишича, сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилиб, сиёсий, инвестициявий, энергетика, савдо-иқтисодий ва туризм соҳаларини қамраб олмоқда.

Элчининг сўзларига кўра, икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришда сиёсий ишончнинг юқори даражаси ва икки давлат раҳбариятлари ўртасидаги мунтазам алоқалар муҳим ўрин тутмоқда. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Саудия Арабистони Валиаҳди, Бош вазири Муҳаммад бин Салмон ўртасидаги муносабатлар алоҳида аҳамиятга эга.

Интервьюда инвестициявий ҳамкорликка катта эътибор қаратилган. Қўшма лойиҳалар портфели 27 миллиард доллардан ошди, жорий йил якунига қадар эса ушбу кўрсаткич 30 миллиард долларга етиши кутилмоқда.

Шунингдек ўқинг

Энергетика соҳаси асосий йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда. Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси Ўзбекистонда қуёш ва шамол энергетикаси, энергияни сақлаш ҳамда “яшил” водород ишлаб чиқариш бўйича йирик лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этмоқда. Уларнинг умумий ҳажми тахминан 15 миллиард долларга баҳоланмоқда.

Транспорт соҳасидаги ҳамкорлик ҳам ривожланмоқда. Бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида “Uzbekistan Airports” ва “Vision Invest” компаниялари ўртасида Тошкентнинг янги халқаро аэропортини қуриш ва фойдаланишга топшириш бўйича битим имзоланди. Лойиҳанинг биринчи босқичида тахминан 3 миллиард доллар инвестиция жалб этилиши кўзда тутилган.

Элчи, шунингдек, ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш зарурлигини таъкидлади. Хусусан, Саудия Арабистони бозорига Ўзбекистон мева-сабзавотлари ва бошқа маҳсулотлари экспортини кенгайтириш бўйича келишувга эришилган.

Туризм соҳасидаги ҳамкорликка ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон Саудия Арабистони ва Форс кўрфазининг бошқа мамлакатларидан сайёҳлар оқимини оширишдан манфаатдор. Бунга хизмат қилувчи омиллардан бири Саудия Арабистони фуқаролари учун 30 кунгача бўлган муддатга визасиз режимнинг жорий этилганидир.

Инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни, энергетика ва туризм соҳаларидаги алоқаларни кенгайтириш, шунингдек, сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш учун мустаҳкам асос яратаётгани алоҳида таъкидланди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш