Ма Бинь: Янги Ўзбекистон тарихий анъана ва замонавий тараққиёт уйғунлашган замин

Август 25, 2026. 20:25 • 3 дақ

329
Ма Бинь: Янги Ўзбекистон тарихий анъана ва замонавий тараққиёт уйғунлашган замин

ШАНХАЙ, 25 август. /“Дунё” АА/. Хитойнинг Фудань университети Россия ва Марказий Осиёни ўрганиш маркази директори Ма Бинь мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали юртдошларимизга ўзининг самимий табриги ва эзгу тилакларини йўллади.

– Аввало, Ўзбекистон халқи ва раҳбариятини мустақилликнинг 35 йиллиги билан самимий муборакбод этаман.

Ўзбекистон истиқлолга эришгандан сўнг мамлакатда беш асосий тамойилга асосланган ўзбек модели шакллантирилди: давлат – бош ислоҳотчи, иқтисодиётнинг сиёсатдан устуворлиги, қонуннинг бош мезон экани, кучли ижтимоий сиёсат юритиш ва бозор иқтисодиётига босқичма-босқич ўтиш. Ушбу концепция кейинги кенг кўламли ўзгаришлар учун муҳим пойдевор бўлди.

2016 йилда Шавкат Мирзиёев Президент лавозимига киришгач, Ўзбекистонда “Янги Ўзбекистон”ни барпо этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар бошланди. Бу ислоҳотлар сиёсий ва ҳуқуқий тизим, иқтисодиёт ҳамда ташқи сиёсатни қамраб олди. Мамлакатда очиқлик ва қонун устуворлигини таъминлаш, бозор тамойилларини кучайтириш ва қўшни давлатлар билан ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Натижада, Ўзбекистон мустақиллик йилларидаги энг муҳим ва чуқур ўзгаришлар даврига қадам қўйди.

Ўзбекистоннинг бугунги ютуқлари тасодифий эмас. Улар мамлакатнинг бой тарихий-маданий меросини тиклаш ва замонавий тараққиёт билан уйғунлаштиришга қаратилган ислоҳотлар самарасидир.

Шунингдек ўқинг

Ўзбекистон Марказий Осиёнинг марказида жойлашган бўлиб, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистон билан чегарадош. 39 миллиондан ортиқ аҳолиси билан у минтақадаги энг катта аҳолига эга мамлакат бўлиб, йирик истеъмол ва меҳнат бозорини шакллантиради.

Қадимдан Ўзбекистон ҳудуди Буюк Ипак йўлининг муҳим қисми бўлган. Самарқанд, Бухоро ва Хива каби шаҳарлар Шарқ ва Ғарб ўртасидаги савдо ва маданий алоқалар маркази бўлиш билан бирга, илм-фан ва маданият ривожланган муҳим масканлар сифатида ҳам машҳур бўлган.

Бугун мамлакат қадимий Ипак йўлининг муҳим ҳудудидан Марказий Осиёнинг замонавий транспорт-логистика маркази ва Транскаспий йўлагининг муҳим бўғинига айланиб бормоқда. Мамлакат халқаро саммитларга мезбонлик қилиб, минтақавий ҳамкорлик ва интеграцияни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшмоқда. Тарихий мавқе ва замонавий тараққиётнинг уйғунлиги мамлакатнинг минтақавий ҳамда халқаро майдондаги нуфузи ва таъсирини тобора оширмоқда.

Мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакатнинг келгуси тараққиёти учун муҳим мақсад ва вазифаларни белгилаб бермоқда. Ислоҳотлар изчил давом этиб, очиқлик сиёсати янада мустаҳкамланмоқда.

Шу билан бирга, “Бир макон, бир йўл” ташаббуси ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги минтақавий ҳамкорлик Ўзбекистоннинг иқтисодий ва геосиёсий имкониятларини кенгайтирмоқда. Қадимий Ипак йўлининг муҳим маркази бўлган Ўзбекистон бугун ўзининг тарихий ва маданий меросига таянган ҳолда, янги тараққиёт ва тикланиш босқичига қадам қўймоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш