Пак Чон Дэ: Инчхон ва Ўзбекистон шаҳарлари ўртасидаги муносабатлар тобора ривожланмоқда
Август 26, 2026. 10:30 • 2 дақ
• 196
ИНЧХОН, 26 август. /“Дунё” АА/. Инчхон шаҳри мэри Пак Чон Дэ мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали юртдошларимизга ўзининг самимий табриги ва эзгу тилакларини йўллади.
– Инчхон шаҳри ва шахсан ўз номимдан Ўзбекистон халқини мустақилликнинг 35 йиллиги билан самимий муборакбод этаман.
Истиқлол йилларида Ўзбекистон катта ва муҳим тараққиёт йўлини босиб ўтди. Бугун мамлакат иқтисодиётини изчил мустаҳкамлаб, халқаро алоқаларини кенгайтириб, фуқаролари учун янги имкониятлар яратиб бораётган замонавий диёрга айланди. Ўзбекистоннинг ютуқлари халқаро ҳамжамиятда юксак ҳурмат ва қизиқиш уйғотмоқда.
Биз учун Ўзбекистон Марказий Осиёдаги яқин инсоний муносабатлар, ўзаро ҳурмат ва кўп йиллик ҳамкорлик боғлаб турган дўст давлатдир.
Шаҳарларимиз ўртасидаги алоқалар биз учун алоҳида аҳамиятга эга. Инчхон Корея Республикасини дунёнинг бошқа давлатлари билан боғлаб турувчи халқаро шаҳардир. Бизнинг портимиз ва халқаро аэропортимиз орқали миллионлаб одамлар, юклар ва ғоялар ҳаракатланади. Биз ушбу имкониятлар Инчхон ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини истаймиз.
Бугун мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий алоқалар, инвестициявий ҳамкорлик, таълим, маданият, туризм ва замонавий технологиялар соҳаларидаги муносабатлар жадал ривожланмоқда. Мамлакатларимиздан тобора кўпроқ инсонлар бир-бири билан танишиб, бирга ишламоқда ва таҳсил олмоқда. Фикримча, айнан шундай бевосита инсонлараро алоқалар давлатлар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлайди.
Ўзбекистон билан амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёрмиз. Логистика, шаҳар инфратузилмаси, рақамли технологиялар, таълим, инновациялар ва маданият соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун яхши имкониятлар мавжуд.
Ўзбекистон улкан салоҳият, ёш ва иқтидорли авлодга эга бўлиб, Марказий Осиёда муҳим ўрин тутади. Ўз навбатида, Жанубий Корея ўз тажрибаси билан ўртоқлашиш ва ўзбек ҳамкорлар билан биргаликда тараққиёт учун янги имкониятларни излашга тайёр.
Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар бундан кейин ҳам мустаҳкамланиб, халқларимиз ўртасидаги дўстлик янада ривожланишига ишонаман.
Инчхон ва Ўзбекистон шаҳарлари ўртасидаги дўстлик алоқалари янада мустаҳкамлансин.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси