Максим Крупейченко: Ўзбекистонда замонавий ва рақобатбардош бизнес муҳити яратилмоқда

Август 22, 2026. 14:30 • 2 дақ

93
Максим Крупейченко: Ўзбекистонда замонавий ва рақобатбардош бизнес муҳити яратилмоқда

МИНСК, 22 август. /"Дунё" АА/ Беларуснинг етакчи тадбиркорлардан бири, "Металлопсбит" МЧЖ бош директори Максим Крупейченко "Дунё" ААга берган интервьюсида Ўзбекистон Президентининг 18 август куни тадбиркорлар билан бўлиб ўтган учрашуви якунларига изоҳ берди:

– Ўзбекистон Президентининг тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббуслари маҳаллий ва хорижий бизнес учун қўшимча имкониятлар яратмоқда.

Айниқса, молиялаштириш имкониятларининг кенгайганини алоҳида таъкидламоқчиман. Янги иш бошлаётган тадбиркорлар 200 миллион сўмгача бўлган гаровсиз кредитлар олиши, ягона рақамли портал орқали эса 5 миллиард сўмгача бўлган кредитларни онлайн расмийлаштириши мумкин.

Инвестициялар учун шарт-шароитлар ҳам сезиларли даражада яхшиланмоқда. Давлат активларини харид қилишдаги дастлабки тўлов миқдори 30 фоиздан 15 фоизга камайтирилмоқда. Айрим ҳолларда қолган суммани 7 йилгача фоизсиз тўлаш имконияти ҳам берилади.

Янги саноат зоналари инфратузилмасини ривожлантириш учун 50 миллион доллар йўналтирилади. Яна камида 100 миллион доллар сунъий интеллектни жорий этишга ажратилади. Бунда тадбиркорларга ушбу харажатларнинг 50 фоизи компенсация қилиб берилади.

Бизнеснинг ташқи бозорларга чиқишини қўллаб-қувватлаш ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Бу мақсадлар учун камида 1 миллиард доллар йўналтирилиши кўзда тутилган. Шу билан бирга, экспорт ва маъмурий тартиб-таомиллар соддалаштирилмоқда.

Шунингдек ўқинг

Ушбу қарорларнинг барчаси Ўзбекистон замонавий, очиқ ва рақобатбардош бизнес муҳитини яратиш бўйича изчил сиёсат олиб бораётганини кўрсатади. Айниқса, бундай кенг кўламли ўзгаришлар Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллиги нишонланаётган йилда амалга оширилаётгани алоҳида аҳамиятга эга.

Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқини Мустақилликнинг 35 йиллиги билан чин қалбимдан табриклайман.

Мамлакатингизга янада тараққиёт, барқарор иқтисодий ўсиш ва янги улкан ютуқлар, Ўзбекистон халқига эса тинчлик, фаровонлик ва муваффақиятлар тилайман.

Default Avatar

Материал муаллифи

Dunyo1

dunyo1@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш