Бокудан муносабат: Ўзбекистон ташаббуслари иқлим муаммоларини ҳал этишда комплекс ёндашувни талаб этади
Ноябрь 13, 2026. 08:10 • 3 дақ
• 4
БОКУ, 13 ноябрь. /“Дунё” АА/. Озарбайжонлик декарбонизация ва иқлим соҳасини молиялаштириш масалалари бўйича халқаро эксперт Марина Ольшанская “Дунё” ААга Ўзбекистон Президентининг Анталияда бўлиб ўтган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича Ҳадли конвенцияси томонлари конференциясининг 31-сессияси (COP31) доирасидаги Бутунжаҳон етакчилар саммитидаги иштироки хусусида фикр билдирди.
– Ўзбекистон Президенти Анталия саммитида глобал иқлим кун тартибида муҳим аҳамият касб этувчи қатор йўналишларни белгилаб берди.
Аввало, экология бўйича эрта огоҳлантириш тизимларини такомиллаштириш масаласига эътибор қаратилди. Бу борада гап нафақат об-ҳаво прогнозларининг аниқлигини ошириш, балки экологик хавф-хатарларни ўз вақтида аниқлаш, инсонлар қурбон бўлишининг олдини олиш ва иқтисодий зарарни минималлаштириш имконини берадиган илмий маълумотларни тезкорлик билан аниқ амалий чораларга айлантириш ҳақида бормоқда.
Мазкур масала глобал вазифа бўлиб, унинг ечими амалий минтақавий ҳамкорликни талаб этади. Иқлим хатарлари кучайиб, экстремал табиий ҳодисалар тез-тез такрорланаётган бир шароитда Ўзбекистоннинг бу йўналишдаги ташаббуси ғоят долзарбдир.
Технологиялар ва инновацион ечимларни ривожлантириш бўйича билдирилган ташаббуслар ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Шу ўринда Ўзбекистонда мутахассислар тайёрлаш ва янги технологияларни яратиш учун зарур илмий-таълим базани шакллантираётган Green University ташкил этилганини алоҳида қайд этмоқчиман.
Иқлим ўзгаришига қарши курашда ҳар бир давлат миллий хусусиятлари ва иқлимини инобатга олган ҳолда ўз технологияларини ишлаб чиқиши лозим.
Ўзбекистон учун бу, энг аввало, чанг бўронлари, қурғоқчилик, сув тошқинлари ва бошқа табиий офатлар билан боғлиқ муаммолардир. Шу сабабли маҳаллий илмий салоҳиятни ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда мавжуд шароитларга юқори даражада мослаштирилган ечимларни яратиш керак. Ўзбекистон бу йўналишда аллақачон иш олиб бормоқда ҳамда шахсан Президентнинг ўзи мазкур масалага эътибор қаратмоқда.
Шу билан бирга, иқлим соҳасини молиялаштириш Анталиядаги конференциянинг асосий мавзуларидан бири бўлди. Глобал иқлим мақсадларига эришиш учун салмоқли молиявий ресурслар талаб этилади. Бироқ бу маблағларни нафақат жалб қилиш, балки уларнинг давлатлар учун мақбул шартларда тақдим этилишини таъминлаш ҳам муҳимдир.
Ўзбекистон Президенти таъкидлаганидек, иқлим соҳасини молиялаштиришда имтиёзли кредитлар, грант кўмаги ва бошқа қулай молиявий воситалар алоҳида аҳамиятга эга. Биз келажак авлод учун экологик тоза атроф-муҳитни асраб қолишдек масъулиятли вазифани амалга оширишимиз зарур.
Шу сабабли мувозанатни тиклаш, халқаро молия институтлари билан шерикликни ривожлантириш ҳамда иқлим бўйича ташаббусларни миллий иқтисодиётга ортиқча юк туширмасдан амалга ошириш механизмларини ишлаб чиқиш даркор.
Умуман олганда, юқоридаги экологик йўналишлар ўзаро чамбарчас боғлиқ бўлиб, иқлим муаммоларини ҳал этишда комплекс ёндашувни талаб этади. Бунинг учун хатарлардан ўз вақтида огоҳлантириш, тизимга сўнгги технологияларни татбиқ этиш ҳамда соҳани моддий жиҳатдан таъминлаш лозим.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси