Италиянинг Эмилия-Романья вилояти ва Наманган вилояти ўртасида тўғридан-тўғри алоқа ўрнатилади
Сентябрь 14, 2026. 19:30 • 2 дақ
• 90
РИМ, 14 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Абат Файзуллаев Италиянинг Эмилия-Романья вилояти президенти Микеле де Паскале билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувда сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Италия ўртасида тўғридан-тўғри ҳудудлараро ҳамкорлик жадал ривожланаётгани таъкидланди. Шу муносабат билан томонлар Эмилия-Романья ҳудуди ва Наманган вилояти ўртасида бевосита алоқаларни ўрнатиш масалаларини муҳокама қилди.
Икки ҳудуднинг юқори саноат ва ишлаб чиқариш салоҳияти, иқтисодиётда саноат тармоқларининг салмоқли ўрни ҳамда юқори қўшилган қийматга эга экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилаётгани ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш учун мустаҳкам асос яратаётгани урғуланди.
Музокаралар давомида Эмилия-Романья компанияларини Ўзбекистонда истиқболли инвестиция ва саноат лойиҳаларини амалга оширишга жалб этиш, шунингдек, икки ҳудуд ўртасида технологик ва инновацион ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Италия регионида мавжуд бўлган тегишли инфратузилмадан фойдаланган ҳолда сунъий интеллект ва юқори унумдорликка эга ҳисоблаш соҳасида Ўзбекистон билан қўшма ташаббусларни амалга ошириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.
Маълумот учун, Эмилия-Романья Италиянинг иқтисодий ва саноат жиҳатдан энг ривожланган ҳудудларидан бири ҳисобланади. 2025 йилда регионнинг ялпи ҳудудий маҳсулоти қарийб 203 миллиард еврони ташкил этди. Аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯҲМ кўрсаткичи бўйича у мамлакатда иккинчи ўринни эгаллайди.
Эмилия-Романья машинасозлик, автомобилсозлик, агроозиқ-овқат саноати, қадоқлаш технологиялари ва фармацевтика каби соҳаларда юқори салоҳиятга эга. Ҳудудда Ferrari, Lamborghini, Ducati, Max Mara, Technogym, Pagani, Dallara ва Barilla каби дунёга машҳур компаниялар фаолият юритади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси