Сеулда Марказий Осиё мамлакатлари ва Корея Республикаси саноат вазирларининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди
Сентябрь 14, 2026. 17:30 • 3 дақ
• 45
ТОШКЕНТ, 14 сентябрь. /“Дунё” АА/. Бугун Сеул шаҳрида “Корея ва Марказий Осиёнинг ўсиш ва инновациялар йўлидаги келажак ҳамкорлиги” мавзусида Марказий Осиё мамлакатлари ва Корея Республикаси саноат вазирларининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов, Корея Республикаси савдо, саноат ва ресурслар вазири Ким Жунг-кван, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг тегишли идоралари раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумотларига кўра, учрашув “Марказий Осиё – Корея Республикаси” биринчи саммити арафасида бўлиб ўтди. Янги вазирлар формати сиёсий мулоқотни саноат, савдо ва технологиялар соҳасидаги аниқ кун тартиби билан тўлдириш, минтақа корхоналари ва Корея бизнеси ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган.
Янада чуқур кооперацияга ўтиш иқтисодий алоқаларнинг эришилган кўламига таянади. 2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари ва Корея Республикаси билан товар айирбошлаш ҳажми қарийб 10 фоизга ошиб, 10 миллиард доллардан ошди.
Жорий йилнинг январь–июль ойларида ушбу кўрсаткич 25 фоиз ўсиш билан 6,5 миллиард долларга етди. Ўзбекистонда Корея ва минтақа мамлакатлари капитали иштирокидаги 3 мингдан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. Ушбу кўрсаткичлар ўзаро етказиб беришлардан ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, маҳаллийлаштириш ва минтақавий қўшилган қиймат занжирларини шакллантиришга эътиборни кучайтириш имконини бермоқда.
Кейинги қадамлар сифатида Ўзбекистон томони техник тўсиқларни бартараф этиш, сертификатлар ва синов натижаларини ўзаро тан олиш, аниқ юқори технологияли лойиҳаларни ўз ичига олган Саноат кооперацияси дастурини ишлаб чиқиш, саноат ташаббусларининг ягона рақамли платформасини яратиш ҳамда вазир ўринбосарлари даражасида доимий фаолият юритувчи эксперт гуруҳини шакллантиришни таклиф этди. Ўзбекистон томони илгари сурган барча ташаббуслар Корея томони томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланди.
Муҳокамаларнинг технологик қисми савдо, инвестициялар, саноат инфратузилмаси, муҳим минераллар соҳаларидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, ишлаб чиқаришга сунъий интеллектни жорий этиш ва кадрлар тайёрлаш масалаларига бағишланди. Автоматлаштирилган сифат назорати, ускуналарга прогнозли техник хизмат кўрсатиш, энергия самарадорлиги ва ишлаб чиқариш маълумотларини таҳлил қилиш истиқболли йўналишлар сифатида қайд этилди.
Шу билан бирга, Марказий Осиё корхоналарининг технологик эҳтиёжларини Корея компанияларининг салоҳияти билан уйғунлаштириш ҳамда муҳандис ва технологлар учун касбий стажировка дастурларини кенгайтириш режалаштирилди.
Йиғилиш якунида саноат ва таъминот занжирлари соҳасида ҳамкорлик бўйича қўшма меморандум имзоланди ҳамда “Корея Республикаси – Марказий Осиё” саноат вазирларининг Маслаҳатлашув механизми биринчи йиғилишининг Қўшма баёноти қабул қилинди.
Дастур доирасида Лазиз Кудратов Корея Республикаси савдо, саноат ва ресурслар вазири Ким Жунг-кван билан музокаралар ўтказди. Стратегик аҳамиятга эга фойдали қазилмаларни излаш ва ўзлаштириш бўйича Ўзбекистон–Корея платформасини яратиш, экспорт салоҳияти ва савдо ҳамкорлигини ривожлантиришга қаратилган келишувлар имзоланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси