Британиялик экспертлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар ва инвестиция лойиҳалари тақдим этилди
Июль 03, 2026. 10:00 • 2 дақ
• 132
ЛОНДОН, 3 июль /“Дунё” АА/. Буюк Британиядаги Халқаро стратегик тадқиқотлар институтида (International Institute for Strategic Studies - IISS) “C6” форматидаги иштирокчи давлатларнинг иқтисодий ривожланиши ва барқарорлиги масалаларига бағишланган конференция бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Каспий сиёсий маркази томонидан ташкил этилган тадбирда қатнашган Ўзбекистоннинг Лондондаги элчиси Равшан Усмонов мамлакатимизда иқтисодий ўсишни жадаллаштириш, хусусий секторни ривожлантириш ва хорижий инвестицияларни жалб этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
Дипломатимиз юртимиздаги банк тизими, солиқ сиёсати, давлат-хусусий шериклик, давлат активларини хусусийлаштириш ва давлат хизматларини рақамлаштириш соҳаларидаги ислоҳотлар ҳақида ҳам сўз юритди. У транспорт, саноат ва ижтимоий инфратузилмани модернизация қилиш бўйича ҳам йирик лойиҳалар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Анжуман давомида Ўзбекистоннинг жаҳон молия бозорларига интеграцияси кучайиб бораётгани эътироф этилди. Хусусан, иштирокчилар эътиборига Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармасининг Лондон фонд биржасида ҳамда Тошкент фонд биржасида ўтказилган илк “IPO”си ҳақида маълумот ҳавола қилинди.
Мамлакатнинг инвестициявий салоҳиятини илгари суришда 5-Тошкент халқаро инвестиция форуми муҳим платформа бўлиб хизмат қилгани таъкидланди. Мазкур форум дунёнинг ўнлаб мамлакатларидан, жумладан, Буюк Британиядан ҳукуматлар, халқаро молия институтлари, инвестиция фондлари ва етакчи компанияларнинг минглаб вакилларини бирлаштирди.
Халқаро рейтинг агентликлари ўтказилаётган ислоҳотлар натижаларини ижобий баҳолаётгани алоҳида таъкидланди. Жумладан, “Moody’s” халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини бир поғонага ошириб, мамлакат рейтингини инвестициявий жозибадор даражада эканини қайд этди.
Конференция иштирокчилари Ўзбекистонда иқтисодий ўзгаришлар изчил амалга оширилаётгани, “яшил” энергетика фаол ривожланаётгани ва молиявий барқарорлик мустаҳкамланаётганини қайд этди. Шу билан бирга, халқаро инвесторлар билан ҳамкорликнинг кенгайиши мамлакат иқтисодиётининг рақобатбардошлигини ошириб, уни Марказий Осиёда энг жадал ривожланаётган давлатлардан бири сифатида мустаҳкамлаётгани маълум қилинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси