Ўзбекистон ТИВ: Афғонистон расмийлари ўзбек тили тақиқлангани ҳақидаги миш-мишларни рад этди
Январ 07, 2026. 14:30 • 2 дақ
• 278
ТОШКЕНТ, 7 январь. /“Дунё” АА/. Ўзбек тилининг халқаро майдондаги нуфузи, ундан кенг ва самарали фойдаланиш ҳамда она тилимизни жаҳон ҳамжамиятида муносиб тарғиб этиш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир ва доимий эътибор марказимизда бўлиб келмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
ТИВ матбуот котиби Аҳрор Бурхоновнинг telegram-каналида берилган маълумотига кўра, сўнгги кунларда айрим оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда ўзбек тилининг Афғонистонда қўлланилишига гўёки чекловлар жорий этилаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Мазкур маълумотлар жамоатчиликда табиий равишда муайян хавотир уйғотди.
Мазкур масалага аниқлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг масъул вакиллари тезкор равишда Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги билан вазиятга ойдинлик киритди.
Афғонистонлик расмийлар ушбу хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини, мамлакат ҳудудида ўзбек тилининг ишлатилишига нисбатан ҳеч қандай чеклов йўқлигини қатъий таъкидлаб, Афғонистон ҳукумати ва халқи биродар ўзбек халқи ҳамда тилига чуқур ҳурмат билан муносабатда эканини алоҳида қайд этди.
Афғонистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили маълум қилишича, ҳозирги вақтда мамлакат бўйлаб олий таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари пештоқларидаги ёзувларни ягона стандарт асосида тартибга солиш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур амалиётга кўра, таълим муассасалари пештоқларидаги ёзувлар бутун мамлакат бўйлаб уч тильда — пушту, дарий ва инглиз тилларида акс эттирилади. Шу билан бирга, мамлакатнинг шимолий ҳудудлари, жумладан Саманган университети учун истисно тариқасида ёзувлар пушту, дарий ва ўзбек тилларида берилиши белгиланган.
Шунингдек, яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва дўстона муносабатларнинг ёрқин ифодаси сифатида Афғонистон ҳукумати томонидан тарихда илк бор Жоузжон давлат университетида жорий йилдан бошлаб магистратура босқичида “Ўзбек тили ва адабиёти” факультетини ташкил этиш режалаштирилаётгани маълум қилинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси