Австрия пойтахтида Туркий ҳафталик бўлиб ўтади
Январ 08, 2026. 18:38 • 2 дақ
• 242
ИСТАНБУЛ, 8 январь. /“Дунё” АА/. 12-15 январь кунлари Венада Туркий давлатлар ташкилотига (ТДТ) аъзо давлатлар, халқаро ташкилотлар, дипломатик миссиялар ва туркий диаспора вакиллари иштирокида Туркий ҳафталик бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
ТДТ котибияти маълумотига кўра, ҳафталикда туркий дунёнинг бой маданий мероси ва тобора ўсиб бораётган ўзаро ҳамкорлигига урғу берилади. Ушбу ҳафталик БМТнинг Вена шаҳридаги бўлимида “Ипак йўлида туркий дунё” фотокўргазмасининг очилиш маросими билан бошланади.
ТДТ ва Туркий академия ҳамкорлигида ташкил этилган кўргазмада туркий дунёнинг умумий тарихи ва маданий меросига алоҳида эътибор қаратилади.
Туркий давлатлар ташкилотининг Хофбургдаги биносида бўлиб ўтадиган “Ипак йўлидан Ўрта коридоргача: транспорт орқали ўзаро боғлиқликни рағбатлантириш ва савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш” мавзусидаги юқори даражадаги давра суҳбати ТДТнинг ҳафталик доирасидаги муҳим тадбирлардан бири бўлади. Унда иштирокчилар транспорт, савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш ва Шарқ-Ғарб ўзаро боғлиқлигининг стратегик аҳамияти масалаларига тўхталиб ўтади.
Туркий ҳафталик доирасида Европа бўйлаб туркий диаспора ташкилотларида мувофиқлаштириш, институционал салоҳият ва одамлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган тренинг дастури ҳам ўтказилади. Дастурда турк дунёсининг маданий бойлиги ва бадиий хилма-хиллигини намойиш этувчи таниқли турк санъаткорлари иштирокида гала-концерт ташкил этилади.
Венадаги ҳафталик туркий дунёнинг стратегик қарашлари, маданий мероси ва ҳамкорлик дастурини илгари суриш учун муҳим платформа бўлиши кутилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси