Мисрда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича кўплаб келишувларга эришилди
Февраль 04, 2026. 10:41 • 3 дақ
• 49ҚОҲИРА, 4 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова бошчилигидаги делегация Қоҳира шаҳрида ўтказилган “Аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва илгари суришда диний-маърифий ҳамда медиа дискурс ролини кучайтириш” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Анжуман Миср Миллий аёллар кенгаши, Ал-Азҳар мажмуаси ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳузуридаги Аёлларни ривожлантириш ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилди. Тадбирда 57 давлатдан юқори даражадаги делегациялар, соҳавий идоралар раҳбарлари, диний арбоблар ва халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашди.
Зулайҳо Маҳкамова ўз маърузасида Ўзбекистонда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, оила институтини мустаҳкамлаш, жамиятда соғлом дунёқарашни шакллантиришда диний-маърифий ёндашувни ривожлантириш, таълим ва маърифат орқали экстремизмга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида атрофлича маълумот берди.
Ташриф доирасида Зулайҳо Маҳкамова Миср Миллий аёллар кенгаши президенти Амал Аммар билан учрашиб, гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш соҳасида давлат сиёсати ва амалий механизмлар юзасидан фикр алмашди. Томонлар институционал ҳамкорликни ривожлантириш ва тажриба алмашишни йўлга қўйишга келишиб олди.
Нигериянинг хотин-қизлар ва ижтимоий тараққиёт вазири Имон Сулаймон билан ўтказилган мулоқот чоғида аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш ва барқарор ривожланиш жараёнларида аёллар ролини ошириш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар қўшма дастурлар ва ўзаро тажриба алмашишга тайёр эканини билдирди.
Туниснинг оила, аёллар ва болалар масалалари бўйича вазири Асма ал-Жабри билан учрашувда ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлашга қаратилган Ўзбекистон тажрибаси катта қизиқиш уйғотди. Томонлар мазкур таълим дастурларини ўрганиш ва келгусида мослаштириш имкониятларини кўриб чиқишга келишиб олди.
Марокашнинг ижтимоий интеграция ва оила масалалари бўйича вазири Наима Бен Яҳъя билан бўлиб ўтган музокараларда хотин-қизлар бандлигини ошириш, оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Ал-Азҳар Бош Имоми маслаҳатчиси ва мажмуанинг хорижий талабалар таълимини ривожлантириш маркази раҳбари Нахла ас-Саидий билан учрашув ўтказилди. Унда Мисрда таҳсил олаётган хорижий, жумладан, ўзбекистонлик талабаларнинг таълим жараёни, яшаш шароитлари ва ҳуқуқий мақоми муҳокама қилинди. Марказ фаолияти, таълим дастурлари, талабаларнинг ижтимоий мослашув тизими ва замонавий ўқув-услубий таъминот ҳақида маълумот алмашилди. Томонлар ўзбекистонлик талабаларнинг таълим ва ижтимоий масалаларини ҳал этишда ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олди.
Хорижий талабалар таълимини ривожлантириш маркази фаолияти билан яқиндан танишилди ҳамда ўзбекистонлик талабалар билан учрашув ташкиллаштирилди. Унда ватандошларимизнинг таълим жараёни, яшаш шароитлари ва илмий фаолияти ҳақида фикр алмашилди. Фуқароларимизнинг хориждаги ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши экани таъкидланди. Хорижда таҳсил олаётган ёшлар учун Марказ қошида “Ўзбекистон музейи”ни ташкил этиш ташаббусини амалга ошириш юзасидан келишувга эришилди.
Мисрда яшовчи ватандош хотин-қизлар билан учрашув ўтказилди. Унда Ўзбекистонда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг таълим олиши, бандлигини таъминлаш ва ижтимоий-иқтисодий фаоллигини оширишга қаратилган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди. Учрашув якунларига кўра, фаол аёллардан иборат “Ватандош хотин-қизлар кенгаши” ташкил этилди. Кенгаш фаолиятини мувофиқлаштириш, мурожаатларни тегишли идораларга етказиш ва ҳуқуқий ҳамда ташкилий ёрдам кўрсатиш вазифалари белгилаб олинди.
Мазкур ташриф аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Миср ва бошқа давлатлар билан гуманитар алоқаларни кенгайтириш, хорижда таҳсил олаётган ва яшовчи Ўзбекистон фуқароларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилди. Томонлар ўртасида тажриба алмашиш, институционал ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда ижтимоий ва таълим соҳаларида қўшма ташаббусларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси




