Сербияда моддий қийинчиликка учраган ҳамюртлар ватанга қайтарилди
Февраль 04, 2026. 11:01 • 53 сония
• 64БУДАПЕШТ, 4 февраль. /“Дунё” АА/. Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Элчихона томонидан меҳнат мигрантларига кўмаклашиш ва юзага келаётган муаммоларини ҳал этишга қаратилган чора-тадбирлар мунтазам равишда амалга оширилади, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Яқинда Элчихона консулининг ишчи рақамига Ўзбекистон фуқаролари – қашқадарёлик ҳамюртлардан Сербиядан Ватанга қайтишда ёрдам сўраб мурожаат қилишган.
Ватандошлар Ўзбекистонга авиачипта сотиб олиш учун молиявий маблағи йўқлигини маълум қилган. Уларнинг сўзларига кўра, юзага келган ҳолатга серб иш берувчиси уларни белгиланган тартибда расмийлаштирмагани ва улар билан меҳнат шартномаси тузмагани сабаб бўлган.
Оқибатда ватандошлар иш ҳақини ололмай, уч ой ишлагандан сўнг моддий қийин аҳволга тушиб қолган. Улар Ватанга қайтиш учун молиявий имконияти йўқлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Элчихонасига ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Юқоридаги ҳолатларни инобатга олган ҳолда, Элчихона консуллик бўлими Ўзбекистон Миграция агентлиги ҳамда Меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш ва ёрдам жамғармаси билан фуқароларимизга авиачипта харид қилиш бўйича фикр алмашган.
Келишув натижаларига кўра, ҳамюртларга Ўзбекистонга қайтиш учун авиачипталар бепул асосда сотиб олинган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси


