Ўзбекистон–Туркия енгил саноат соҳасида ҳамкорликнинг янги босқичга бошланмоқда
Январ 16, 2026. 08:15 • 2 дақ
• 209АНҚАРА, 16 январь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Енгил саноат агентлиги делегацияси Туркиянинг Истанбул, Измир ва Анқара шаҳарларига хизмат сафари билан ташриф буюрди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувларда вакилларимиз Туркиянинг етакчи саноат уюшмалари, олий таълим муассасалари ҳамда йирик компаниялар раҳбарияти билан қатор музокаралар ўтказди.
Хусусан, “ICFE” халқаро гиламчилик кўргазмаси доирасида амалга оширилган ташриф давомида Истанбул гилам экспортчилари уюшмаси ҳамда Жануби-Шарқий Анадолу гилам экспортчилари уюшмаси билан мулоқот ташкил этилди. Муҳокамаларда мазкур йўналишдаги халқаро кўргазмаларни Ўзбекистонда ҳам ўтказиш бўйича ўзаро келишувга эришилди.
Истанбул техник университети проректори Ипек Акин Карадай билан бўлиб ўтган суҳбатда тўқимачилик ва енгил саноат соҳалари учун юқори малакали мутахассислар тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар ўртасида қўшма таълим дастурларини ишга тушириш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
“Defacto” ва “Docotton” компаниялари билан ҳам учрашувлар ўтказилди. Унда “сорсинг” асосида буюртмаларни расмийлаштириш, ишлаб чиқариш қувватларининг бир қисмини Ўзбекистонга релокация қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Измир шаҳрига ташриф доирасида Эге Университети ректори Муса Алчи билан учрашув бўлиб ўтди. Мулоқот давомида университет билан ҳамкорликда Ўзбекистонда енгил саноат соҳасига ихтисослашган алоҳида факультет ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. Университет раҳбарияти билан жорий йил март ойида Ўзбекистонда қўшимча ўрганиш ишларини амалга оширишга келишиб олинди.
Бундан ташқари, “IYA Tekstil” компанияси билан олиб борилган музокараларда корхонанинг ишлаб чиқариш қувватларининг бир қисмини Ўзбекистонга кўчириш (релокация қилиш) имкониятлари муҳокама қилинди.
Анқара шаҳрида делегация Туркия Саноат ва технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш идораси (KOSGEB) ҳамда Туркия Олий таълим кенгаши раиси ўринбосари билан учрашувлар ўтказди. Учрашувлар давомида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инновацион лойиҳаларни ривожлантириш ҳамда таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларида фикр-мулоҳаза алмашилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси


