ХОҚ спортнинг сиёсий бетарафлигига оид Олимпия хартиясига киритилган ўзгартишларни тасдиқлади

Июнь 25, 2026. 16:00 • 2 дақ

80
ХОҚ спортнинг сиёсий бетарафлигига оид Олимпия хартиясига киритилган ўзгартишларни тасдиқлади

ЖЕНЕВА, 25 июнь. /“Дунё” АА/. Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) Олимпия хартиясига спорт ва спортчиларнинг сиёсий бетарафлиги тўғрисидаги қоидаларни кучайтирувчи ўзгартиришлар киритилганини тасдиқлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири қўмита ахборотига таяниб.

Қайд этилишича, тузатишлар спорт сиёсий аралашувлардан холи бўлиши керак деган тамойилни мустаҳкамлайди. Ҳужжатда ХОҚнинг “ҳар қандай вақтда ҳамда давлат, маданий, ижтимоий ёки иқтисодий тузилмалар томонидан ҳеч қандай босимсиз” бетарафликни таъминлашдаги роли алоҳида таъкидланган.

Шунингдек, Олимпия ҳаракатига аъзо спорт ташкилотлари доимий равишда бетарафликка риоя қилишлари шарт эканига аниқлик киритилди. ХОҚнинг маълум қилишича, ўзгаришлар Олимпия ҳаракатини ташқи таъсирдан ҳимоя қилишга ва ўйинлардан сиёсий мақсадларда фойдаланишнинг олдини олишга қаратилган.

ХОҚ комиссияси раҳбари Кирсти Ковентри ушбу ислоҳот Олимпия ўйинларининг тинч рақобат ва халқаро ҳамжиҳатлик макони сифатидаги ўзига хос хусусиятини сақлаб қолишга хизмат қилишини таъкидлади.

Шунингдек ўқинг

“Иштирок сиёсат билан эмас, балки спорт ютуқлари билан белгиланмоғи лозим”, – деди у ва ташкилотга янги меъёрларнинг амалда қўлланилишини баҳолаш учун вақт керак бўлишини қўшимча қилди.

Эслатиб ўтамиз, россиялик ва беларуслик спортчиларнинг халқаро турнирлардаги иштироки давлатнинг допинг тизими билан боғлиқ можаро ҳамда Украинадаги зиддият фонида чекланган эди. 2022 йилда бир қатор спортчилар мусобақалардан четлатилган, 2023 йилда эса Россия Олимпия қўмитаси фаолияти тўхтатиб қўйилган эди.

Май ойида ХОҚ беларуслик спортчиларга қўйилган чекловларнинг бир қисмини бекор қилиб, уларнинг 2028 йилда Лос-Анжелесда бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинлари саралаш мусобақаларида иштирок этишига рухсат берди. Россиялик спортчиларнинг эҳтимолий қайтиши масаласи ҳамон муҳокама қилинмоқда, бироқ ҳозирча якуний қарорлар қабул қилинмаган.

Шунингдек, Фаластин Миллий олимпия қўмитаси ХОҚдан Исроилнинг Париждаги ўйинларда иштирок этишини тақиқлашни талаб қилганидан сўнг, исроиллик спортчиларнинг 2024 йилги Олимпия ўйинларида қатнашиши муносабати билан ХОҚ танқидга учради.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш