Чехиядаги махсус рейддан сўнг ватандошлар билан профилактик мулоқот бўлиб ўтди

Июнь 25, 2026. 15:30 • 2 дақ

116
Чехиядаги махсус рейддан сўнг ватандошлар билан профилактик мулоқот бўлиб ўтди
Чехиядаги махсус рейддан сўнг ватандошлар билан профилактик мулоқот бўлиб ўтди
Чехиядаги махсус рейддан сўнг ватандошлар билан профилактик мулоқот бўлиб ўтди

ПРАГА, 25 июнь /“Дунё” АА/. Чехияда бўлиб ўтган махсус рейддан сўнг айрим такси хизматлари соҳасида фаолият юритаётган юртдошларнинг қўлга олиниши сабабли профилактик консуллик сайёр қабули ўтказилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

“Туркистон” маданият марказида ташкил этилган учрашувда 400 нафарга яқин Ўзбекистон фуқаролари иштирок этди. Чехия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан такси ва буюртма асосидаги йўловчи ташиш соҳасида ўтказилган “Tax Sobra” махсус тадбири доирасида айрим ватандошлар ҳам қўлга олинган.

Элчихона вакиллари ҳамюртлар билан Чехиянинг миграция, меҳнат, солиқ ҳамда транспорт қонунчилиги талабларига қатъий риоя этиш масалалари юзасидан тушунтириш-профилактика суҳбатлари ўтказди.

Хусусан, Uber, Bolt ва бошқа рақамли платформалар орқали фаолият юритишда амалдаги рухсатномалар, қонуний меҳнат муносабатлари ҳамда солиқ мажбуриятларига риоя қилиш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек ўқинг

Шунингдек, расмийлаштирилмаган меҳнат фаолияти, бошқа шахсларга тегишли аккаунтлардан фойдаланиш, шахсий маълумотларни учинчи шахсларга бериш, сохта ҳужжатларни расмийлаштириш ҳамда турли ноқонуний воситачилик схемаларида иштирок этишнинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида огоҳлантирилди. Бундай ҳолатлар маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилиш, жарималар солиниши, миграция мақомининг бекор қилиниши ва депортация қилинишига олиб келиши мумкинлиги қайд этилди.

Дипломатлар “Daňová Kobra” операцияси билан боғлиқ вазиятни кузатиб бораётганини маълум қилиб, ҳар қандай шахснинг айбдорлиги фақат суд қарори билан белгиланиши, фуқаролар эса ҳимоя ва консуллик кўмагидан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканини таъкидлади.

Ноқонуний ишга жойлаштириш, инсофсиз иш берувчилар ва воситачиларнинг хатти-ҳаракатлари, молиявий босим ёки ҳужжатларни ноқонуний ушлаб туриш ҳолатларига дуч келган фуқаролар элчихонанинг консуллик бўлимига мурожаат қилиши мумкинлиги билдирилди. Заруратга кўра, дастлабки консуллик-ҳуқуқий ёрдам ва тегишли тавсиялар берилиши қайд этилди.

Фуқароларга элчихонада паспорт расмийлаштириш, консуллик ҳисобига қўйиш, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш, сертификат ва маълумотномалар бериш бўйича хизматлар тўлиқ ҳажмда кўрсатилаётгани ҳақида маълумот берилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш