“Jewish Traveler”: Ўзбекистон – Марказий Осиёнинг етакчи сайёҳлик йўналишига айланиб бормоқда
Июнь 25, 2026. 14:30 • 2 дақ
• 71
ТЕЛЬ-АВИВ, 25 июнь. /“Дунё” АА/. Исроилнинг “Jewish Traveler” сайёҳлик нашрида Ўзбекистоннинг туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақола муаллифи Яков Маор Ўзбекистоннинг туризм жозибадорлиги, 2030 йилга бориб мамлакатни Марказий Осиёнинг етакчи сайёҳлик йўналишларидан бирига айлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини баён этган.
Нашрда ёзилишича, Ўзбекистон дунёнинг энг қизиқарли ва жадал ривожланаётган сайёҳлик йўналишларидан бири сифатида ўз мавқеини мустаҳкамлашда давом этмоқда. Хусусан, 16–18 июнь кунлари бўлиб ўтган V Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида мамлакат туризм соҳасини кенгайтириш бўйича йирик лойиҳалар кўриб чиқилган.
Шу билан бирга, форум доирасида туризм йўналишида хорижий сармоядорлар учун қатор рағбат ва имтиёзлар тақдим этилган. Сайёҳликка сармоя киритишга бағишланган махсус сессияларда мутахассислар туризм, авиация, шаҳарсозлик ва халқаро инвестициялар бўйича фикр-мулоҳазалар алмашган.
Яков Маорнинг маълум қилишича, мамлакатни 2030 йилгача ривожлантириш дастурига кўра, Ўзбекистон сайёҳлик хизматлари экспортини йилига 6 миллиард доллардан оширишни, сайёҳларнинг мамлакатда ўртача қолиш муддатини 7–8 кунгача узайтиришни ва бир сайёҳга тўғри келадиган ўртача харажат миқдорини ҳозирги 415 доллардан тахминан 1000 долларгача оширишни мақсад қилган.
Ушбу мақсадларга эришиш учун давлат янги сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантиришга, ҳаво ва ер усти транспорт қатновини кенгайтиришга, меҳмонхоналар ва дам олиш масканлари қуришга, шунингдек, юқори қўшимча қийматга эга туризм йўналишларини тарғиб қилишга сармоя киритмоқда. Ўсиш омиллари сифатида белгиланган йўналишлар қаторига конгресс ва ишбилармонлик туризми, гастрономик туризм, экотуризм, ҳашаматли туризм, кинотуризм ва зиёрат туризми киради.
Таъкидланишича, сайёҳларнинг диндор қатлами учун Ўзбекистон янада қизиқарли йўналишга айланиб бормоқда. Тарихий Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарлари Буюк ипак йўли мероси, муҳташам ислом меъморчилиги ва қадимий яҳудий мероси ёдгорликларининг ноёб уйғунлигини тақдим этади.
“Jewish Traveler” нашрининг қайд этишича, сўнгги йилларда Марказий Осиёнинг энг қадимий жамоаларидан бири бўлган бухоролик яҳудийлар билан боғлиқ тарихий ибодатхоналар ва объектларни зиёрат қилиш, “Аждодлар изидан саёҳат” йўналишларига қизиқиш ортиб бормоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси