Logo

Мушкул вазиятга тушиб қолган она ва бола Новосибирскдан ватанимизга қайтарилди

Февраль 18, 2026. 10:49 • 54 сония

34
Мушкул вазиятга тушиб қолган она ва бола Новосибирскдан ватанимизга қайтарилди

НОВОСИБИРСК, 18 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Бош консулхонаси томонидан ҳамюртларимиз – она ва унинг ёш қизини Ватанга қайтариш бўйича навбатдаги кечиктириб бўлмайдиган амалий чора-тадбир амалга оширилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Аниқланишича, ёш она Россиянинг миграция қонунчилигини бузгани учун Новосибирск ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олинган ва Хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш марказига жойлаштирилган. Қизча бу вақт давомида Новосибирскдаги “Оила” оила ва болаларга ёрдам кўрсатиш марказида, бош консул назорати остида бўлган.

Бош консулхона дипломатларининг тезкор ҳаракатлари натижасида қизалоқ учун барча зарур ҳужжатлар олинди. У 2026 йил 17 февраль куни консулхона ходимлари томонидан Новосибирск халқаро аэропортига олиб келинди ва у ерда онаси билан учрашишга муваффақ бўлди.

Ўша куни она ва бола “Uzbekistan Airways” авиакомпаниясининг “Новосибирск–Фарғона” рейси билан Ватанга қайтарилди.

Ушбу чора-тадбирлар Ўзбекистоннинг хориждаги фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини халқаро мажбуриятлар ва қабул қилувчи давлатлар қонунчилигига риоя қилган ҳолда ҳимоя қилишга қаратилган изчил сиёсатини акс эттиради. Шу билан бирга, хорижга кетаётган фуқароларнинг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш ва миграция режими бузилишининг олдини олиш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш