Ўзбекистонлик талаба қиз Польшада бўлиб ўтган " Interstudent 2026» танлови ғолибларидан бири бўлди
Февраль 11, 2026. 09:00 • 2 дақ
• 191
ВАРШАВА, 11 февраль. /“Дунё” АА/. Элчихона вакиллари “Perspektywy” таълим жамғармаси ва Ягеллон университети раҳбарияти таклифига биноан “Польшада хорижий талабалар – 2026” форумида иштирок этди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир Польша академик мактаблари ректорлари конференцияси (KRASP) ва “Perspektywy” таълим жамғармаси ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Study in Poland” дастури доирасида ташкил этилди.
Конференцияда 100 та олий таълим муассасаси, давлат ҳокимияти органлари, вазирлик ва идоралар, халқаро агентликлар ҳамда дипломатик корпус вакилларидан иборат 450 нафардан ортиқ иштирокчи қатнашди.
Иштирокчилар олий таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, хорижий талабаларни жалб этиш, талабалар учун виза олиш жараёнларини соддалаштириш масалалари бўйича фикр-мулоҳаза алмашди.
Пленар йиғилишлар ва мавзули сессиялар доирасида Польша олий таълимини интернационаллаштириш, унинг стратегик ва барқарор ривожланиши, виза олиш жараёнларини соддалаштириш, хорижий талабаларни жалб этиш географиясини кенгайтириш, таълим дастурлари сифатини ошириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Халқаро ҳамкорликда демографик салоҳият, таълим эҳтиёжлари ва ҳамкор давлатлар ўртасидаги ўзаро ишонч ҳамда тизимли ёндашув зарурлиги алоҳида қайд этилди.
Конференция доирасида “Perspektywy” таълим жамғармаси раиси В.Сивиньский Ўзбекистон билан ҳамкорлик масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди. Унинг таъкидлашича, ҳозирда Польшада 1 минг 700 нафардан ортиқ ўзбек ёшлари таҳсил олмоқда. Шу билан бирга, сўнгги йилларда Ўзбекистон фуқароларининг Польшада таълим олиш истаги пасайиб бораётгани, виза тизими билан боғлиқ муаммолар қисқа фурсатларда ҳал этилмаса, ушбу кўрсаткич янада пасайиши мумкинлиги қайд этилди.
Ягеллон университети проректори Я.Горниак жорий йил март ойида ушбу таълим даргоҳида “Ўзбекистон куни”ни ўтказиш доирасида Элчихона делегациясининг мазкур университетга ташрифини ташкил этиш ҳамда халқаро муносабатлар ва тиббиёт соҳаларида мамлакатимиз олий таълим масканлари билан ҳамкорликни йўлга қўйишни режалаштираётганини билдирди.
Конференция ва унинг доирасида ўтказилган учрашувлар давомида поляк университетлари ҳамда халқаро агентликларининг қўшма таълим дастурлари, академик алмашинув ва олий таълим муассасалари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш бўйича Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришга юқори қизиқиш мавжуд экани қайд этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
