Польша бизнес делегацияси февраль ойида Ўзбекистонда икки томонлама форум ўтказиш ва қатор ҳудудларга ташриф буюриш ниятида
Февраль 18, 2026. 10:22 • 55 сония
• 60
ВАРШАВА, 18 февраль. /“Дунё” АА/. Польша саноат арматураси уюшмаси, Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, “Ўзбекнефтгаз” ва “Ўзкимёсаноат” АЖ вакиллари ўртасида онлайн мулоқот ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот чоғида 2026 йил 23–26 февраль кунлари Польша саноат арматураси уюшмаси президенти Луиза Повонска бошчилигидаги йирик бизнес-делегациянинг Ўзбекистонга ташрифини амалга ошириш масаласи муҳокама қилинди.
Ушбу чет эл делегациясининг ташриф дастури доирасида 24 февраль куни Тошкентдаги “Crowne Plaza” меҳмонхонасида бизнес-форум ўтказиш ҳамда Навоий ёки Қашқадарё вилоятларидаги саноат объектларига ташриф буюриш режалаштирилган.
Ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад – саноат арматураси, энергетика ва тоғ-кон соҳаларида, хусусан, нефть-газ тармоғи ва иссиқлик таъминоти йўналишларида ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилишдан иборат.
Бизнес-форум доирасида Польша компаниялари “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Ўзкимёсаноат” АЖ, Навоий кон-металлургия комбинати ҳамда “Uz-Kor Gas Chemical”, “Enter Engineering”, “TotalEnergies” каби етакчи компания вакиллари билан турли учрашувлар ўтказиш режалаштирилган. Бу каби тадбирлар икки мамлакат ўртасидаги саноат инфратузилмасини модернизация қилиш ва янги технологияларни жалб этишда муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
