Logo

Лондондаги нуфузли кўргазмада Ўзбекистон зиёрат туризми намойиш қилинди

Февраль 18, 2026. 09:30 • 54 сония

56
Лондондаги нуфузли кўргазмада Ўзбекистон зиёрат туризми намойиш қилинди

ЛОНДОН, 18 февраль. /“Дунё” АА/. Буюк Британия пойтахтидаги “ExCeL London” кўргазмалар марказида зиёрат туризми соҳасининг етакчи вакилларини бирлаштирган “Muslim Travel Show” халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбир доирасида Ўзбекистоннинг зиёрат туризми соҳасидаги имкониятлари, жумладан, бой маънавий ва маданий мероси, ноёб тарихий обидалари, хорижий сайёҳларни қабул қилиш учун мавжуд шарт-шароитлар намойиш қилинди.

Тақдимот давомида Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги туризм бренди элчиси Софи Ибботсон ва Буюк Британиянинг “Halal Travel Guide” сайёҳлик компанияси вакиллари мусулмон сайёҳлар учун Ўзбекистонга саёҳат қилишнинг афзалликлари, хусусан, қулай логистика, ривожланган меҳмонхоналар тармоғи ва махсус ишлаб чиқилган зиёрат йўналишлари ҳақида маълумот берди.

Кўргазмада асрлар давомида ислом цивилизациясининг муҳим марказлари бўлган қадимий шаҳарлар – Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкентга алоҳида эътибор қаратилди. Тадбир меҳмонларига муқаддас зиёратгоҳлар, тарихий мақбаралар, замонавий сайёҳлик дастурлари, миллий таомлар ва қулай турар жой имкониятлари ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди.

2016 йилдан буён ўтказиб келинаётган мазкур кўргазмада қатнашиш Ўзбекистоннинг халқаро туризм бозоридаги ўрнини мустаҳкамлаш ва зиёрат туризми соҳасида хорижликлар билан ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш